Жаҳон | 19:59 / 24.09.2025
11834
3 дақиқада ўқилади

Украина дронлари Новороссийскка ҳаводан ва денгиздан ҳужум қилди

Турар жойлар ва Каспий қувурлар консорциуми зарарланган. Қурбонлар ва ярадорлар бор.

Фото: Видеодан кадр

24 сентябр куни кундузи Украина дронлари Новороссийск шаҳрининг марказий ҳудудлари бўйлаб ҳужум уюштирди, деб хабар беради Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратев. Худди шу вақтда денгиз дронлари (россиялик ҳарбийлар уларни экипажсиз катер деб атайди) ҳам Новороссийск портига ҳужум қилган — бу Россиядаги энг йирик денгиз порти бўлиб, бу ерда халқаро Каспий қувурлар консорциуми (КТК) нефт терминали ҳамда РФ Қора денгиз флоти ҳарбий-денгиз базаси ҳам жойлашган.

Регион оператив штаби маълумотларига кўра, Новороссийскка ҳужум оқибатида еттита турар жой биноси, жумладан, «Новороссийск» меҳмонхонаси шикастланган. Шевченко кўчасидаги кўп қаватли уйлардан бирининг томи ёниб кетган.

Икки киши ҳалок бўлган, яна етти киши яраланган, улар орасида вояга етмаган бола ҳам бор. Жабрланганлар касалхонага ётқизилган. Улардан 3 нафарининг аҳволи оғир.

Шунингдек, 20 та машина шикастланган, улардан учтаси бутунлай ёниб кетган.

Шаҳарда фавқулодда ҳолат режими эълон қилинган. Расмийлар дронлар ҳужумини қайтариш давом этаётганини хабар қилган. Губернатор шаҳар аҳолисидан «хавфсизлик чораларига риоя қилишни ва иложи бўлса, уйда қолиш»ни сўраган.

Каспий қувурлари консорциуми вакиллари дронлар ҳужуми туфайли компания офиси фаолияти тўхтатилганини маълум қилди. Бино шикастланган, ходимлар эвакуация қилинган. КТК маълумотларига кўра, уларнинг икки ходими яраланган, бироқ «компания ишчилари бўлмаганлар орасида ҳам жиддий жароҳатланганлар» бор.

Маским Блинов / РИА Новости / Спутник / Scanpix / LETA

Россия денгиз ва дарё транспорти федерал агентлиги (Росморречфлот) дронлар ҳужумидан кейин Новороссийск денгиз портида порт инфратузилмаси ва кемаларга зарар етмаганини маълум қилди.

Краснодар ўлкасида дрон ҳужумлари хавфи туфайли Геленжик шаҳри расмийлари ҳар қандай сузиш воситалари учун денгизга чиқиш йўлини ёпиб қўйди, Туапсе ва Сочида қирғоқ бўйидаги одамлар эвакуация қилинмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги Новороссийскка ҳужум юзасидан изоҳ бермади. Украина ҳарбийлари ҳам бу борада ҳеч қандай баёнот бергани йўқ.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид