Ўзбекистон | 13:03 / 25.09.2025
3057
1 дақиқада ўқилади

Рақобат қўмитаси Forsil рекламаси учун Nika Pharm’ни жаримага тортди

Бунга реклама қонунчилигига зид равишда биологик фаол қўшимчанинг даволаш хусусиятлари ҳақида маълумот берилгани сабаб бўлган.

Фото: Yandex Maps

Реклама қонунчилиги бузилиши юзасидан Nika Pharm корхонасига нисбатан молиявий жарима қўлланди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Қўмита олиб борган мониторинглар натижасида компания томонидан ижтимоий тармоқларда «Forsil — оғриқ мутлақо изсиз кетади» мазмунидаги реклама тарқатилгани маълум бўлди.

Ўрганиш натижаларида ушбу реклама «Реклама тўғрисида»ги қонун талабига зидлиги аниқланди. Қонуннинг 35-моддаси 1-қисмига мувофиқ, биологик фаол қўшимчалар (BAD) рекламасида улар даволаш хусусиятига эга деб тасаввур уйғотишга йўл қўйилмайди.

Мазкур ҳолат юзасидан қўмита махсус комиссияси томонидан корхонага нисбатан иш қўзғатилиб, молиявий жарима қўллаш бўйича қарор қабул қилинди.

Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан кўрсатма берилди.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид