Ўзбекистон | 11:28 / 26.09.2025
5614
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Украина сиёсий мулоқотни қайта тикламоқчи

Ўзбекистон ва Украина ташқи ишлар вазирлари Ню Йоркда мамлакатлар ўртасида мулоқотни чуқурлаштириш ва ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Фото: Ўзбекистон ТИВ

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ раҳбари маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, суҳбат давомида савдо, инвестиция, таълим ва маданий ҳамкорлик каби икки томонлама муносабатлардаги долзарб масалалар, шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасидаги кўп томонлама алоқаларнинг асосий йўналишлари муҳокама қилинди.

«Учрашувимиз Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги мулоқотни янада чуқурлаштириш, шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда халқларимиз манфаатлари йўлида янги имкониятларни очиш борасидаги қатъий интилишимизни тасдиқлади», — деб ёзди Саидов.

Ўз навбатида, Андрей Сибига томонлар сиёсий мулоқотни қайта тиклаш ва турли соҳаларда икки томонлама ҳамда кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олганини таъкидлаган.

«Сиёсий мулоқотни қайта тиклаш, ўзаро манфаатли соҳаларда икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдик. Украина Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантиришга ва Марказий Осиё билан алоқаларни мустаҳкамлашга содиқ»,  деб ёзади украиналик дипломат.

Маълумот учун, мамлакатлар ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар сўнгги марта 2021 йил майида бўлиб ўтганди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид