Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Писториус Россиянинг космосдаги таҳдиди ҳақида огоҳлантирди
Германия мудофаа вазири Борис Писториус Россия ва Хитой ўзининг космик уруш имкониятларини кенгайтиргани ва Европа сунъий йўлдошларини бузиши мумкинлигини айтди. У космик хавфсизликка кўп миллиард долларлик сармоя киритилишини эълон қилди.
Фото: Reuters
Россия ва Хитой ўзининг космик уруш имкониятларини кенгайтириб, Германия ва бутун Европа учун асосий хавф туғдирмоқда. Бу ҳақда Германия мудофаа вазири Борис Писториус 25 сентябр, пайшанба куни Берлинда Германия саноат федерал бирлашуви (BDI) томонидан ташкил этилган космик конгрессда айтиб ўтди.
Россия ва Хитой «сунъий йўлдош операцияларини бузиши, алоқаларини тўсиб қўйиши, уларни манипуляция қилиши ёки кинетик жиҳатдан йўқ қилиши мумкин», деди Германия Мудофаа вазирлиги раҳбари. Унинг қўшимча қилишича, Россия разведка йўлдошлари аллақачон Германия Бундесвери томонидан қўлланадиган IntelSat сунъий йўлдошларини ва бошқаларни кузатмоқда. Айни пайтда, Хитой космик кемалари «агар гап самолётлар ҳақида борганда, ҳарбий машқлар деб аташ мумкин бўлган мураккаб манёврларни амалга оширмоқда», деди Борис Писториус.
У Берлиннинг 2030 йилга бориб коинотда мудофаа ва ҳужум қобилиятини ривожлантириш учун тахминан 35 миллиард евро сармоя киритиш ниятини эълон қилди. Режаларда эрта огоҳлантириш, разведка ва алоқа учун янги сунъий йўлдошларни учириш, шунингдек, Бундесвер космик қўмондонлиги таркибида алоҳида ҳарбий сунъий йўлдошларни бошқариш марказини яратиш кўзда тутилган.
Писториус Франция императори Наполеон I нинг ҳарбий ва сиёсий фаолиятини якунлаган жангга ишора қилиб: «Биз коинотда ҳам кўпроқ европалик бўлишимиз керак. Агар шундай бўлмасак, бизни Ватерлооимиз ўша ерда бўлади», деди.