Жаҳон | 11:20 / 27.09.2025
1653
2 дақиқада ўқилади

"Дронларга қарши девор": ЕИ ғояни амалга оширишни муҳокама қилмоқда

«Дронларга қарши девор» бутун Европага хизмат қилади, деди мудофаа ва космос бўйича еврокомиссар Андрюс Кубилюс.

Фото: AP

Европа Иттифоқи Европа ҳамжамиятини ортиб бораётган хавфсизлик таҳдидларидан ҳимоя қилишга қаратилган Eastern Flank Watch флагман мудофаа ташаббуси бўйича юқори даражадаги видеоконференция ўтказди. Бу ҳақда 26 сентябр, жума куни Европанинг мудофаа ва коинот бўйича комиссари Андрюс Кубилюс маълум қилди.

«Биз энг муҳим масала бўйича келишиб олдик: Eastern Flank Watch негизида қуриладиган «Дронларга қарши девор» бутун Европага хизмат қилади», — дея Кубилюснинг сўзларидан иқтибос келтирган Еврокомиссия.

Йиғилишда Европа Иттифоқининг олдинги чизиқда жойлашган мамлакатлари – Болгария, Эстония, Финландия, Латвия, Литва, Полша ва Руминия ҳамда бошқа икки шарқий қанот давлати – Венгрия ва Словакия мудофаа вазирлари иштирок этди. Уларга Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас ва Европа Иттифоқи кенгашининг навбатдаги раиси сифатида Дания қўшилди.

Алоҳида сессияда Украина мудофаа вазири Денис Шмихал Киев тажрибаси билан ўртоқлашди.

«Бизнинг ҳаво ҳудудимизни қайта-қайта бузишни қабул қилиб бўлмайди. Сигнал аниқ: Россия Европа Иттифоқи ва НАТОни синовдан ўтказмоқда. Ва бизнинг жавобимиз қатъий, бирлашган ва зудлик билан бўлиши керак», — дея таъкидлади Андрюс Кубилюс. «Бугунги учрашувда биз концепциядан аниқ ҳаракатларга ўтишга келишиб олдик», — деди Европа комиссари.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид