Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Олтин нархи тарихий максимумга етди, доллар пасайди
Душанба куни жаҳон фонд бозорлари ўсди, доллар эса пасайди. Хомашё бозорларида олтин яна ўсиб, бир унция учун рекорд 3 819 доллар даражасига чиқди. Инвесторлар АҚШ ҳукумати ёпилиши мумкинлигига тайёрланмоқда. Бу эса ўз навбатида сентябр ойлик бандлик ҳисоботининг ҳамда бошқа муҳим иқтисодий кўрсаткичларнинг эълон қилинишини кечиктириши мумкин.
Фото: Getty images
Reuters агентлигига кўра, инвесторлар АҚШ ҳукуматининг ёпилиши борасида хавотирлари кучайгани ҳақида хабар берди. Айни пайтда фонд бозорларида ўсиш қайд этилди, доллар пасайди, олтин нархлари эса тарихий максимумга етди.
АҚШда “ҳукумат ёпилиши” (government shutdown) деганда федерал ҳукуматнинг вақтинчалик молиялаштирилиши тўхтаб қолиши тушунилади. Бунда “кераксиз” ҳисобланган давлат идоралари вақтинча ишламайди, ходимлари таътилга чиқарилади. Муҳим хизматлар — хавфсизлик, ҳарбийлар, аэропортлар — фаолиятини давом эттиради, лекин кўпинча вақтинчалик иш ҳақи тўланмайди. Бу иқтисодиёт ва бозорлар учун ноаниқлик яратади.
Олтин эса долларнинг пасайиши ва АҚШ ҳукумати ёпилиши мумкинлигидан хавотирланган инвесторлар сабабли янги рекорд даражага чиқди, деб ёзмоқда нашр.
АҚШ президенти Доналд Трамп душанба куни Конгрессдаги етакчи демократ ва республикачилар билан ҳукуматни молиялаштириш муддатини узайтиришни муҳокама қилади. Агар келишувга эришилмаса, чоршанба кунидан бошлаб ҳукумат ёпилади. Шу куни оғир юк машиналари, лицензияланган дори воситалари ва бошқа бир қатор маҳсулотларга нисбатан янги божлар ҳам кучга киради.
Узоқ давом этадиган ёпилиш Федерал Резерв тизимини 29 октябрдаги йиғилишда иқтисодий вазиятдан бехабар қолдириши мумкин.
Bank of America (BofA) таҳлилчиларининг қайд этишича, агар ёпилиш Федерал Резерв йиғилишидан кейин ҳам чўзилса, Марказий банк қарор қабул қилишда хусусий маълумотларга таянишгa мажбур бўлади. Бу октябр ойида фоиз ставкаси пасайиш эҳтимолини бироз камайтириши мумкин.
MSCI Бутун дунё индекси 0,16 фоизга ўсди, Европадаги STOXX 600 эса 0,3 фоизга кўтарилди. Сентябр якунига кўра 1,1 фоиз даромад қайд этилиши кутилмоқда — бу кетма-кет учинчи ой ўсишдир.
Бозорлар октябрда Федерал Резерв фоиз ставкаси пасайиши эҳтимолини 90 фоиз, декабрда эса яна пасайиши эҳтимолини 65 фоиз атрофида баҳоламоқда.
BofA таҳлилчилари ёпилиш ҳар бир ҳафта учун иқтисодий ўсишга атиги 0,1 фоиз пункт таъсир кўрсатишини таъкидлашди. Бироқ агар ҳукумат ёпилишдан фойдаланиб ходимларни бутунлай ишдан бўшатса, бу иш ўринлари ва истеъмолчиларнинг ишончига жиддий зарба бериши мумкин.
Доллар индекси 0,2 фоизга тушиб, 97,952 даражасини ташкил этди. Ўтган ҳафта эса АҚШ иқтисодий кўрсаткичларининг ижобий чиқиши сабаб мустаҳкамланган эди.
Хомашё бозорларида олтин яна ўсиб, бир унция учун рекорд 3 819 доллар даражасига чиқди.
Нефт нархлари эса пасайди. Сабаби Ироқнинг ярим автоном Курдистон минтақасидан Туркияга нефт қувури орқали 2,5 йилдан кейин илк бор хомашё оқими бошланди.
Reuters’нинг хабар беришича, OPEK+ келаси якшанба куни бўладиган йиғилишида кунига камида 137 минг баррелга қўшимча ишлаб чиқаришга рухсат бериши кутилмоқда.
Brent маркали нефт 1,13 фоизга арзонлаб, баррел учун 69,34 доллар, АҚШ хом нефтии эса 1,4 фоизга пасайиб, 64,77 доллар даражасига тушди.