Ўзбекистон | 21:03 / 29.09.2025
14042
2 дақиқада ўқилади

Қарши магистрал канали нега ёпилганига масъуллар изоҳ берди

Kun.uz’га мурожаат қилган қашқадарёлик фуқароларнинг таъкидлашича, шу кунларда Қарши магистрал канали тўсиб қўйилгани аҳоли учун қийинчилик туғдирган. Улар томорқа ва чорвалари учун сувдан фойдаланиш имконияти чекланганини, айрим оилалар эса канал сувини ичимлик учун ҳам ишлатиб келганини билдирган.

Фото: Kun.uz

Ҳолат юзасидан Kun.uz масъул идораларга мурожаат қилди. Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасининг маълум қилишича, бу ҳолат таъмирлаш ишлари билан боғлиқ.

Қашқадарё вилояти ҳокимининг 12 сентябрдаги фармойишига асосан 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида ирригация ва гидротехник иншоотларда жорий таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Қарши магистрал каналининг ПК366+00 қисмида жойлашган сув тўсувчи иншоот 1983 йилда ишга туширилган бўлиб, 42 йил мобайнида капитал реконструкция қилинмаган. 2005 йилдан бери унда тўлиқ жорий таъмирлаш ҳам амалга оширилмагани сабабли бугунги кунда мазкур иншоотни жорий таъмирлашга катта эҳтиёж сезилган.

“Talimarjon Power Plant 1” МЧЖнинг мурожаатига асосан, 16 сентябрдан “Талимаржон” ИЭСда таъмирлаш ишлари бошланган ва бу вақтда каналдан техник сув олинмагани учун имкониятдан фойдаланиб, каналдаги йирик сув тўсувчи иншоотда таъмирлаш бошланган.

27 сентябрдан ПК172+00 қисмида вақтинчалик дамба қурилиб, сув йўли қуритилган. Ҳозирги кунда автокранлар ёрдамида 6 та йирик дарвоза ҳамда эҳтиёт қисмлари олиб ташланиб, уларда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Масъуллар таъмирлаш ишлари жорий йилнинг 1 октябрига қадар якунланишини, шундан сўнг дамба олиб ташланиб, сувнинг одатий оқими тикланишини маълум қилди.

Аҳоли қўшимча маълумот учун Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ва унинг тизим ташкилотларига мурожаат қилишлари мумкинлиги маълум қилинди.

Тайёрлаган:  Исомиддин Пулатов

Мавзуга оид