Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Forbes: Трамп ва Мирзиёев учрашуви – икки томон учун ҳам стратегик ютуқ
“БМТ Бош Ассамблеяси саммити доирасидаги тадбирлардан ўзи учун ютуқда чиққан кам сонли мамлакатлардан бири Ўзбекистон бўлди” – Forbes журнали ана шундай жумла билан бошланувчи мақола эълон қилди. Мақолага: “Трампнинг Ўзбекистон президенти билан учрашуви – икки томон учун ҳам катта стратегик ютуқ” дея сарлавҳа қўйилган.
Фото: AFP via Getty Images
Мақолада АҚШ ва Ўзбекистон етакчиларининг камералар қаршисидаги учрашувидан олдин, Трамп ўзининг Truth Social тармоғида Мирзиёевни мақтаб пост ёзгани қайд этилган.
Оқ уй раҳбари бу постида Boeing Dreamliner'лари хариди бўйича 8 млрд долларлик битим учун Ўзбекистон президентини мақтади ва бу келишув “АҚШда 35 мингдан ортиқ иш ўрни яратиши”ни айтди.
“Жаноб Мирзиёев сўзида турадиган одам ва биз яна кўплаб масалалар устида биргаликда ишлашда давом этамиз”, дея ёзди Трамп.
Forbes'нинг ёзишича, бу сўзлар – Трампнинг лексиконида “анчагина илиқ хайрихоҳлик”дан дарак беради.
Нашр ўз мақоласида Ўзбекистон президенти АҚШнинг етакчи компаниялари ва молиявий институтлари билан учрашувлар ўтказгани, Мирзиёев даврида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо 4 баробарга ошгани, Американинг 300 дан ортиқ компаниялари Ўзбекистонга инвестиция киритаётганини қайд этган.
“Стратегик металлар ва нодир минералларни қазиб олиш устувор йўналишдек кўринмоқда. Банк, АТ, транспорт ва энергетика инфратузилмаси ҳамда бошқа йўналишлар ҳам муҳокама марказида бўлди”, – дейилади хабарда.
Америка журналига кўра, Трампнинг Арманистон ва Озарбойжонни тинчликка яқинлаштириш ҳамда Зангезур коридорини ёрқин келажакка эга “Трамп коридори”га айлантиришга интилишлари – Марказий Осиё учун асрлар давомида илк марта Россия, Эрон ва Хитойни айланиб ўтган ҳолда дунё савдо йўлларига уланиш имконини беради. Ғарб билан тўғридан тўғри савдо – минтақа учун қўшниларига қараганда юксакроқ ва эркинроқ сиёсий моделни англатади, дея ёзади Forbes.
Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг маслаҳатчиси Комил Алламжонов Жорж Вашингтон университетининг Марказий Осиё дастурига махсус маслаҳатчи этиб тайинлангани ҳам мақолада тилга олиб ўтилган. Қайд этилишича, бу тайинлов Тошкентнинг Ғарб билан алоқалари аввалгидан яқинроқлигини кўрсатади.
“Илгари АҚШ ва Европа минтақани ўзгартириб бўлмас совет анъаналарига ботган “қоронғу ҳудуд” сифатида кўрар эди. [Ғарбнинг Марказий Осиёга] фаол қизиқиши ва [ўзаро] ҳамкорлик эса вазиятни ўзгартиради. Минтақа ўтмишда беқарорлик ўчоғи эди, АҚШнинг қўллаб-қувватлаши эса трансформацияга йўл очувчи омил бўлиб хизмат қилади”, – дея ёзади нашр.
АҚШ ва умуман олганда Ғарб бу узоқдаги, денгизга чиқиш йўли йўқ, бошқа қудратли давлатлар таъсир доирасида бўлган минтақани ўзига нега муҳим деб билиши керак? Forbes шу саволни қўяркан, унга қуйидагича жавобларни келтириб ўтади:
“Аввало, эътибор қаратмаслик – шунчаки дунёнинг каттагина қисми, унинг ишлаб чиқариши ва ресурсларини рақибларга тортиқ қилиш дегани. Шу кунга қадар Россия, Хитой ва Эрон Марказий Осиёнинг ўсиши устида гўёки “вето” ва “солиқ” ҳуқуқига эга бўлиб келди, чунки минтақанинг дунё савдосига йўли улар орқали ўтарди. Бу рақибларни иқтисодий жиҳатдан янада кучайтиришнинг ҳожати йўқ. Ўзбекистон ва Қозоғистон каби мамлакатларга молиявий диверсификация имкониятлари қанчалик кўп тақдим этилса, улар шунчалик эркин ва фаровон бўлади. Улар қанчалик фаровон бўлса, Россия ва Хитой ўз қўшниларига босим ўтказиш ўрнига, ўсиб келаётган бу янги қудратни кузатишга мажбур бўлади.
Албатта, бу ерда Афғонистон масаласи ҳам бор. У ердаги кучлар минтақа чегарасидан ташқарига ҳам тарқалишга мойил. Ўзбеклар, эҳтимол, Афғонистоннинг бошқа қўшниларига қараганда кўпроқ ўз таъсирини ўтказмоқда. Афғонистон шимолида катта ўзбек аҳолиси яшайди. Чегараолди савдо ҳамиша муҳим омил бўлган. Кобулдаги афғон етакчилари ўзбеклар билан боғлиқ масалаларда ҳушёр. Шу боис, бу Ғарб учун Афғонистон билан мураккаб муносабатларда стратегик қурол бўлиб хизмат қилиши мумкин. Кобулнинг ибтидоий ҳукмронлиги остида аҳоли қийин аҳволга тушар экан, улар қайси мамлакатдан енгиллик кутади? Покистон, Эрон, Туркманистондaнми ёки аёллар ҳуқуқлари кафолатланган, ривожланаётган, эҳтиёткор равишда секуляр Ўзбекистондaнми? Қисқаси, исломий экстремизм тарқалишининг олдини олишда ва Москва–Толибон яқинлашувига қарши мувозанат сифатида Тошкент омили дунё учун фойдали”.
Мақола якунида Forbes АҚШ расмийларини иқтисодий, сиёсий ва маданий жабҳаларда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашни жадаллаштиришга чақирган.
“[Ўзбекистонга] сафарбар этилган маблағ ва саъй-ҳаракатлар шаклидаги инвестиция – геостратегик жиҳатдан бир неча баробар катта фойда билан қайтади”, – дея хулоса қилади АҚШнинг машҳур бизнес журнали.