Иқтисодиёт | 16:33 / 30.09.2025
17881
4 дақиқада ўқилади

Самарқанд автомобил заводи 80 млн долларга сотилди

Харидор – Туркиянинг Anadolu Isuzu компанияси. У харид қийматидан ташқари, 12-18 метрли автобуслар ва электробуслар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун 80 млн доллар инвестиция киритиш мажбуриятини ҳам олган. Anadolu Isuzu'ни ўз ичига олувчи Anadolu Group 2021 йилда Coca-Cola Uzbekistan'ни 252 млн долларга сотиб олганди. Ўзбекистондаги энг йирик автозавод – UzAuto Motors ҳам хусусийлаштирилиши белгиланган.

Фото: SamAuto

Самарқанд автомобил заводидаги улушларнинг назорат пакети Туркиянинг Anadolu Isuzu компаниясига сотилди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги хабарига кўра, компаниянинг 75,2 фоиз улуши учун харидор давлатга 80 млн доллар тўлайди ва яна 80 млн доллар инвестиция киритади.

Қўшма корхонанинг Япониядаги иштирокчилари – Itochu Corp ва Isuzu Motors (ҳар иккиси 12,4 фоиздан улушга эга) давлат улушининг Anadolu Isuzu'га сотилишини қўллаб-қувватлаган.

Ушбу хусусийлаштириш бўйича Туркия компанияси билан 2024 йил июн ойида англашув меморандуми имзоланган эди. Ҳозирга келиб, якуний келишувни Ўзбекистон ҳукуматининг хусусийлаштириш бўйича комиссияси маъқуллаган. Битим Туркия регулятори рухсат берганидан кейин якунланади.

Давактив хабарида айтилишича, харидорнинг 80 млн долларлик инвестиция мажбурияти доирасида Ўзбекистонда катта сиғимли (12–18 метрли) автобуслар ва электробуслар ишлаб чиқариш, мамлакат бўйлаб лицензияланган сервис марказларини ташкил этиш ҳамда автобусларни Марказий Осиё, Жанубий Кавказ, Яқин Шарқ ва Африкага экспорт қилиш кўзда тутилган.

“Инвесторнинг нарх таклифи молиявий консултант KPMG томонидан SamAuto'даги давлат улушини сотиш мумкин бўлган нархлар оралиғида жойлашган ва халқаро мустақил баҳоловчи “PwC” халқаро компанияси томонидан аниқланган қийматга мувофиқ”, – дейилади расмий релизда.

Жараёнда юридик консултант сифатида Dentons қатнашган.

SamAuto ҳақида

Самарқанд автомобил заводи 1996 йилда “АвтоВАЗагрегат” заводи негизида, Туркиянинг Coç Holding компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган. Заводнинг дастлабки номи “SamKochAvto” бўлган ва унда UzOtoyol бренди остида автобуслар ишлаб чиқарилган.

Бугунги кунда завод Isuzu бренди остида юк машиналари ва автобуслар, шунингдек, Isuzu D-Max пикапларини ишлаб чиқаради.

“Ўзавтосаноат” маълумотига кўра, 2025 йилнинг январ-август ойларида Самарқанд автомобил заводида 309 та автомобил ишлаб чиқарилган.

Харидор ҳақида

Маълумот учун, Anadolu Isuzu компанияси – 1965 йилда Anadolu Group (Çelik Montaj) компаниялар гуруҳи таркибида ​ташкил этилган.

Anadolu Group 2021 йилда “Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan” МЧЖ устав капиталидаги 57,1 фоиз давлат улушини 252,2 млн долларга сотиб олган ва ўтган даврда 250 млн доллар инвестиция (2 та йирик завод қурилиши ва 1 та завод модернизация ишлари) киритилган.

UzAuto Motors ҳам сотилади

Ўзбекистон автосаноатидаги энг йирик ва монопол мавқега эга корхона – Асака автомобил заводи ва бошқа активларга эгалик қилувчи UzAuto Motors ҳам хусусийлаштирилиши кутилмоқда.

2025 йил апрел ойида имзоланган президент фармонига асосан, 2025 йил 4-чорагида UzAuto Motors'ни сотиш учун консултант жалб этилиши, 2026 йил 1-чорагида оммавий савдо эълон қилиниши керак.

Шунингдек, Тошкент мотор заводи – UzAuto Motors Powertrain'даги давлат улушини хусусийлаштириш учун 2025 йил 3-чорагида консултант жалб этилиши керак эди, аммо ҳозиргача бу ҳақда хабар берилмади. Оммавий савдони эълон қилиш 2025 йил 4-чорагига белгиланган.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид