Жаҳон | 12:38 / 02.10.2025
5305
2 дақиқада ўқилади

2025 йилги муқобил Нобел мукофоти лауреатлари эълон қилинди

2025 йилги Right Livelihood Award мукофоти лауреатлари орасида вануатулик атроф-муҳит фаоллари, ҳуқуқ ҳимоячиси Жулиан Агуон ва бошқа бир қанча ташаббуслар бор.

Фото: rightlivelihood.org

1 октябр, чоршанба куни Стокҳолмда Right Livelihood Award 2025 мукофоти лауреатлари эълон қилинди. Муқобил Нобел мукофоти сифатида ҳам танилган ушбу мукофот Тинч океанидаги Вануату давлатидан Pacific Islands Students Fighting Climate Change (PISFCC)ташкилоти ва ҳуқуқ фаоли Жулиан Агуон ўртасида тақсимланди.

Мукофот «иқлим адолати масаласини Халқаро судга олиб чиққан» фаолларга «давлатларни иқлим бўйича чора кўришга қонуний мажбурлаш» учун берилди», деб тушунтирди Right Livelihood жамғармаси.

Бундан ташқари, 2025 йилги совриндорлар қаторига Justice for Myanmar фаоллар гуруҳи, Тайван рақамли агентлигининг собиқ раҳбари Одри Танг ва Суданнинг Emergency Response Rooms ташаббуси киради.

PISFCC Вануатуда иқлим ўзгариши масаласини Ҳаага судига олиб чиқиш учун кампанияга асос солди, деб хабар беради AFP. «Кирибати, Тувалу ва Маршалл ороллари каби мамлакатлардаги ёшлар учун бу экзистенциал муаммодир. Ҳар бир сув тошқини билан улар иқлим ўзгариши таъсирини бевосита бошдан кечиришади», деди PISFCC директори Вишал Прасад июл ойида AFP'га.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид