Иқтисодиёт | 12:25 / 02.10.2025
3609
2 дақиқада ўқилади

Бензин тақчиллиги: Россия ички бозорни қўллаб-қувватлашга тайёрланмоқда

«Коммерсант» газетасининг ёзишича, режа Хитой, Жанубий Корея ва Сингапурдан импорт қилинадиган бензин учун 5 фоизлик божхона тўловларини бекор қилишдан иборат. Расмийлар, шунингдек, октан миқдорини оширадиган бензин қўшимчаларидан фойдаланишга рухсат беришни режалаштирмоқда.

Фото: Reuters

Бир қатор минтақаларда ишлаб чиқаришнинг пасайиши ва бензин тақчиллиги фонида Россия ҳукумати ички ёнилғи бозорини қўллаб-қувватлаш учун бир қатор чора-тадбирларни тайёрламоқда. Бу бош вазир ўринбосари Александр Новакнинг 24 сентябр куни бош вазир Михаил Мишустинга қилган мурожаатидан келиб чиқади, ундан парчалар «Коммерсант» нашри томонидан 1 октябр, чоршанба куни чоп этилган.

Шу тариқа, Узоқ Шарқдаги бир нечта назорат-ўтказиш пунктлари орқали Хитой, Жанубий Корея ва Сингапурдан олиб келинган бензинга 5 фоизлик божхона тўловидан воз кечиш таклиф қилинмоқда. Фақат баъзи ташкилотлар — "Роснефть", "ОА ННК" ва "Промсырьеимпорт"га ёнилғи билан таъминлашга рухсат берилади.

Бундан ташқари, ҳукумат олти ой давомида бензин ишлаб чиқаришда октан миқдорини оширувчи бензин қўшимчаси бўлган монометиланилиндан фойдаланишга рухсат бериш ниятида. Бу паст октанли ёнилғига қўшимчани қўшиш орқали юқори октанли 5-синф бензин ишлаб чиқаришни оширади. Юқори токсиклиги ва саратон хавфи туфайли монометиланилин кўпчилик мамлакатларда тақиқланган, аммо Россияда 2016 йилгача ишлатилган.

Бу чора-тадбирлар амалга оширилса, ҳар ойда ички бозорга камида 350 минг тонна бензин ва 100 минг тонна дизел ёнилғиси қўшимча равишда етказиб берилиши кутилмоқда.

Ҳукумат аввалроқ бензин экспорти эмбаргосини 2025 йил охиригача узайтирган ва дизел ёнилғиси экспортига чекловлар қўйган эди. Нефтни қайта ишлаш заводларидан тўғридан тўғри етказиб бериш истисно саналади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид