Жаҳон | 14:20 / 02.10.2025
2290
2 дақиқада ўқилади

PACE Россия демократик кучлари билан мулоқот учун платформа яратмоқчи

PACE Россия демократик кучлари билан мулоқот учун махсус платформа яратади, унинг таркибига «юқори маънавий даражага эга» Россия мухолифати вакиллари: режимга қарши курашаётган ва халқаро ҳуқуқни ҳурмат қиладиганлар киради.

Фото: Picture-Alliance/dpa/Sputnik/D. Boutin

1 октябр, чоршанба куни Европа кенгаши парламент ассамблеяси (ЕКПА, PACE) Россия демократик кучлари билан мулоқот учун платформа яратишга қарор қилди. Ушбу платформа ассамблея ва Россия мухолифати учун фикр алмашиш ва «ўзаро манфаатли масалаларни ҳал қилиш» учун форум бўлиб хизмат қилиши кўзда тутилган.

Платформага ЕКПА раҳбари раислик қилади. Унинг иштирокчиларига маълум ҳуқуқлар берилади: улар қўмита ва қуйи қўмита йиғилишларида, шунингдек, ЕКПА сессияларида ўтказиладиган тадбирларда қатнашиши ва раиснинг рухсати билан уларда нутқ сўзлаши мумкин бўлади.

ЕКПАнинг 80 нафар аъзоси ушбу платформани яратишни тартибга солувчи «Россия демократик кучлари» резолюциясини ёқлаб чиқди, тўрт нафари бетараф қолди. Овоз бериш ЕКПАнинг Страсбургдаги ялпи сессиясида бўлиб ўтди.

2022 йилнинг март ойида Россия Украинага қарши уруши туфайли Европа кенгашидан чиқариб юборилганига қарамай, Европа кенгаши аъзоларининг фикрича, Россиядан келган мухолиф сиёсатчилар ва фаолларнинг ташкилот раҳбарияти ва ассамблея аъзолари билан тўғридан тўғри мулоқот қилиши учун бир қатор жиддий сабаблар бор.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид