Жаҳон | 21:44 / 02.10.2025
15626
2 дақиқада ўқилади

Путин Россия билан «ўчакишмоқчи» бўлганларни огоҳлантирди

Россия ҳеч қачон заифлик кўрсатмайди, деди Владимир Путин.

Фото: Sputnik

Россия ҳеч қачон заифлик кўрсатмайди, агар кимдир у билан «ўчакишмоқчи» бўлса, жавоб олади, деди президент Владимир Путин «Валдай» халқаро мунозара клубининг ялпи мажлисида.

«Агар кимдадир ҳарбий соҳада биз билан тенглашиш истаги пайдо бўлса, марҳамат, ўзини синаб кўрсин. Россия бир неча бор исботлади: хавфсизликка, тинчликка, фуқароларимизнинг осойишталигига, суверенитетимизга ва давлатчилигимизга таҳдид пайдо бўлганда, биз тезда жавоб берамиз. Провокация қилиш керак эмас», деб огоҳлантирди давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, бундай уринишлар «провокаторнинг ўзи учун ёмон тугайди».

«Тарихимиз шуни исботладики, заифликка йўл қўйиб бўлмайди, чунки у қайси масалани куч билан ҳал қилиш мумкинлиги ҳақида васваса, сароб яратади. Россия ҳеч қачон заифлик ва қатъиятсизлик кўрсатмайди», деб таъкидлади у.

Шу билан бирга, Путин Европа мамлакатларининг ҳарбийлаштириш сиёсатига жавоб қайтаришини маълум қилди.

«Таҳдидларга жавоб, юмшоқ қилиб айтганда, жуда ишончли бўлади. Айнан жавоб. Биз ўзимиз ҳеч қачон ҳарбий қарама-қаршилик ташаббускори бўлмаганмиз. У маъносиз, кераксиз ва шунчаки бемаъни, у ҳақиқий муаммолар ва чақириқлардан узоқлаштиради», деб қўшимча қилди Путин.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид