Жаҳон | 19:10 / 03.10.2025
14035
4 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Украина «тарихий» келишув устида ишламоқда

Киев дронларини миллиардлаб долларга пуллайди.

Efrem Lukatsky / AP / Scanpix / LETA

АҚШ ва Украина «тарихий» келишув тузишга тайёрланмоқда, унинг доирасида Вашингтон Киевдан жанговар шароитларда синовдан ўтган энг янги дрон технологияларини харид қилади, деб хабар берди The Wall Street Journal. Бу технологиялар учун Украина роялти ёки бошқа шаклда компенсация олади, келишувнинг умумий қиймати эса миллиардлаб долларни ташкил этиши мумкин.

30 сентябр куни Украина мудофаа вазири ўринбосари Сергей Боев бошчилигидаги юқори мартабали мулозимлардан иборат делегация Пентагон ва Давлат департаменти билан музокаралар ўтказиш учун Вашингтонга келди.

Музокаралар қанча давом этиши номаълум. Шахси сир тутилишини сўраган америкалик расмийнинг таъкидлашича, якуний имзолаш жараёни бир неча ой давом этиши мумкин. The Telegraph нашри ёзишича, музокаралар АҚШдаги ҳукумат шатдауни туфайли анча секинлашиши мумкин, чунки кўплаб давлат хизматчилари мажбурий равишда таътилга чиқарилган.

WSJ АҚШда ҳам мураккаб дронлар ишлаб чиқарилишини эслатган, шу билан бирга, Украина бундай қурилмаларни оммавий ишлаб чиқаришда анча илгарилаб кетгани, улар ҳар куни ҳақиқий жанговар шароитларда ўз самарадорлигини исботлаётгани қайд этилган. Бундан ташқари, Украинада ишлаб чиқарилган дронлар арзон – уларнинг нархи Ғарб мамлакатларидаги шунга ўхшаш аппаратлар нархининг атиги 20-30 фоизини ташкил қилади.

Музокаралар жараёнидан хабардор манбаларнинг WSJ’га маълум қилишича, ҳозирда томонлар технологияларни ўтказишнинг бир нечта эҳтимолий механизмларини ўрганмоқда. Вариантлар орасида Америка компанияларига роялти эвазига дрон прототипларини тақдим этиш, украинларнинг АҚШда мустақил равишда дронлар ишлаб чиқарадиган шуъба корхонасини ташкил этиши ёки Вашингтоннинг ўз ҳарбийлари эҳтиёжлари учун Украинадан дронларни тўғридан тўғри сотиб олиши ҳам бор.

Шунингдек, музокаралар чоғида Украина дронларида Хитой бутловчи қисмларидан кенг фойдаланиш муаммосини ҳал қилиш керак бўлади – Америка компаниялари Хитойдан эҳтиёт қисмлар керак бўлган дронларни ишлаб чиқара олмайди, чунки бу Вашингтон ва Пекин ўртасидаги қарама-қаршилик шароитида таъминот занжири хавфсизлиги талабларига зид келади.

WSJ таъкидлашича, эҳтимолий келишув муҳим сиёсий аҳамиятга ҳам эга, чунки Киев Доналд Трамп билан алоқаларни мустаҳкамлашга интилмоқда, у ўзидан олдинги Жо Байдендан фарқли ўлароқ, Украинани Россия билан урушда қўллаб-қувватламайди.

Украина президенти Володимир Зеленский 27 сентябр куни дронлар бўйича келишув «мегакелишув»нинг бир қисми бўлиши мумкинлиги, унинг доирасида Киев Американинг миллиардлаб долларлик қуролларини сотиб олишини айтганди. Бошқа нарсалар қаторида, Украина ҳукумати узоқ масофали ракеталарни ҳам олишга умид қилмоқда.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирда Украина ойига бир неча ўн мингдан бир неча юз минггача дрон ишлаб чиқаради, уруш бошида эса ойига фақат бир неча юз дрон ишлаб чиқарилган. 2024 йилдан бошлаб Украина қўшинларида алоҳида учувчисиз тизимлар кучлари мавжуд.

Украинанинг дрон ишлаб чиқариш технологияларига Ғарбдаги бошқа иттифоқчилар ҳам қизиқиш билдирмоқда. Сентябр ойи охирида Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқи Украинага дронлар учун икки миллиард евро ажратишини айтганди. Бу пуллар, шу жумладан, келажакда Европа Иттифоқининг ўзи фойдаланишга умид қилаётган энг янги технологияларга сарфланади. Буюк Британия ва Дания эса Киев билан технологиялар алмашинуви ва хорижда Украина дронларини ишлаб чиқариш бўйича алоҳида шартномалар тузган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид