Жаҳон | 16:57 / 03.10.2025
10230
4 дақиқада ўқилади

Россия Хитойдан бензин сотиб олишни бошлашга мажбур бўлмоқда

РФ ҳукумати дронлар ҳужуми сабаб юзага келган ёқилғи дефицитини юмшатиш чораларини тайёрлаяпти: Хитой, Жанубий Корея ва Сингапурдан бензин импорт қилиш кўзда тутилган.

Фото: Петр Кассин, Коммерсантъ

Россия ҳукумати энг йирик нефтни қайта ишлаш заводларига дронлар ҳужумидан кейин мамлакатни қамраб олган ёқилғи танқислигини компенсация қилиш учун Хитой ҳамда Осиёнинг бошқа мамлакатларидан бензин импортини бошлаш бўйича чора-тадбирлар пакетини тайёрлади.

«Коммерсант» хабар беришича, Москва ХХРдан ташқари Жанубий Корея ва Сингапурдан ҳам бензин сотиб олишни мўлжалламоқда. Бунинг учун Узоқ Шарқдаги айрим назорат-ўтказиш пунктлари орқали келтириладиган ёқилғи учун импорт божларини ноллаштириш режалаштирилган. Бунда импортёрларга жаҳон ва ички бозордаги нархлар ўртасидаги тафовут давлат томонидан бюджет ҳисобига қоплаб берилади.

Осиёдан бензинни учта компания етказиб бериши мумкин — «Роснефт», Мустақил нефтгаз компанияси (ННК) ҳамда «Саноат хомашёси импорти» давлат ташқи иқтисодий бирлашмаси. Бу ҳар ой Сибирдаги нефтни қайта ишлаш заводларида ишлаб чиқарилган 150 минг тонна бензинни Россия Федерациясининг марказий қисмига йўналтириш имконини беради.

Бундан ташқари, ҳукумат Беларусдан бензин импортини кўпайтиришни, шунингдек, нефт заводлари томонидан монометиланилин (ММА) – ишлаб чиқаришни кўпайтириш имконини берувчи октанни оширувчи қўшимчадан фойдаланишга қўйилган тақиқни олиб ташлашни режалаштирмоқда. Бу қўшимча юқори токсиклиги ва онкологик хавфи туфайли дунёнинг аксарият мамлакатларида тақиқланган, Россияда эса 2016 йилгача қўлланган.

Ҳозирча, ёқилғи-энергетика мажмуаларини ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган чораларга қарамай, ички бозорни нефт маҳсулотлари билан таъминлаш билан боғлиқ вазият янада ёмонлашиши хавфи мавжуд, дея бош вазир ўринбосари Александр Новак бош вазир Михаил Мишустинга йўллаган мурожаатни келтиради «Коммерсант».

Сентябр ойи охирига келиб, мамлакатда нефтни қайта ишлаш заводлари қувватларининг рекорд даражадаги 38 фоизи (кунига 338 минг тонна) ишламай қолди. Шу билан бирга, бу ҳолатнинг 70 фоизи украин дронлари ҳужумлари билан боғлиқ – дронлар август ойи бошидан бери 20 дан ортиқ йирик нефт заводларига зарба беришга муваффақ бўлган.

Сентябр ойида Россиянинг яна тўртта нефтни қайта ишлаш заводи ишлаб чиқаришни тўхтатди. Улар орасида қуввати бўйича Россияда иккинчи ўринда турувчи, Ленинград областидаги «Кинеф» заводи, шунингдек, энг йирик бешликка кирувчи Рязандаги «Роснефт» нефтни қайта ишлаш заводи бор. Биринчиси 14 сентябрда, иккинчиси 5 сентябрда ишлашдан тўхтади. Шунингдек, 20 сентябрдан Новокуйбишев нефтни қайта ишлаш заводи, 22 сентябрдан эса «Газпром»нинг Астрахан нефтни қайта ишлаш заводи қайта ишлашни тўхтатди. Натижада, Сахалин ва Курил оролларидан Нижний Новгород области ва Қримгача бўлган ҳудудлар ёқилғи танқислигига дуч келди, бу ҳудудларда бир қўлга 30 литрдан ортиқ бензин сотиш тақиқланган.

Осиё ва Беларусдан импорт қилиш, шунингдек, нефтни қайта ишлаш заводларига қўйиладиган экологик талабларни камайтириш орқали ҳукумат ички бозорга ойига қўшимча 350 минг тонна бензин ва 100 минг тонна дизел ёқилғисини йўналтириш имкониятини кўзламоқда, деб ёзади «Коммерсант». Ҳукумат монометиланилиндан ташқари, спирт улуши 10 фоизгача бўлган бензинни сотишга рухсат бериш, шунингдек, ундаги ароматик углеводородлар бўйича меъёрларни 42 фоизгача кўтариш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид