Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Афғонистонда асосий ҳарбий қудрат амир Охундзода назоратида” — сиёсатшунос
Ҳаққоний оиласи Афғонистонда энг қудратли ҳарбий-сиёсий кучлардан бири сифатида кўрилади. Сўнгги пайтларда бу оила етакчиси – ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний ва амир Ҳайбатуллоҳ Охундзода ўртасида зиддият борлиги ҳақида кўп маълумотлар тарқалмоқда. Kun.uz студиясида вазиятга Прогрессив ислоҳотлар маркази эксперти Исломхон Гаффаров баҳо берди.
— Ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний лавозимидан озод этилиб, бир вилоятга ҳоким қилиб юборилгани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар тарқалди. Бу ҳақда нима дея оласиз?
— Ҳаққоний оиласининг Афғонистондаги ўрни ва таъсири жуда катта. 1980 йилларда Сирожиддин Ҳаққонийнинг отаси Жалолиддин Ҳаққоний мужоҳидларга қўшилиб, «Толибон» билан елкама-елка жанг қилган. Кейинчалик Америка–Афғон уруши даврида ҳам Ҳаққоний оиласи «Толибон»ни қўллаб-қувватлаган, Покистон ҳудудида туриб Қўшма Штатларга қарши кураш олиб борган. Шу сабабли оиланинг нуфузи кескин ортиб, «Толибон» ҳукуматида энг муҳим лавозимлардан бири – ички ишлар вазирлиги айнан Сирожиддин Ҳаққонийга топширилди. Ҳатто Ҳаққонийлар “Толибон”нинг ўнг қаноти” сифатида ҳам тилга олинади.
Сўнгги йилларда эса ОАВда Сирожиддин Ҳаққоний ва «Толибон» етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода ўртасида мафкуравий ва сиёсий қарама-қаршилик борлиги ҳақида хабарлар кўпайди. Кўпчилик Ҳаққонийни прагматик, Охундзодани эса мафкуравий жиҳатдан қатъий инсон сифатида кўради. Айни пайтда, Ҳаққонийнинг халқаро нуфузи ҳам ортиб бормоқда: у Саудия Арабистони ва БААга расмий ташриф буюриб, араб дунёсида обрўйини оширди. АҚШ эса уни илгари террорчи сифатида қидираётган ва у ҳақдаги маълумот учун 10 млн доллар мукофот эълон қилган бўлса-да, яқинда Федерал тергов бюроси бу қарорни бекор қилди. Яъни энди Қўшма Штатлар унга террорчи деб қарамаяпти. Унинг New York Times'да ҳам интервюси чиқди. Натижада Ҳаққонийнинг обрўйи Ғарбда ҳам ортди.
Бу эса табиий равишда «Толибон» раҳбарининг ғазабини келтириши мумкин, улар ўзаро келишмайди деган маълумотлар жуда кўп тарқалди. Ҳаққоний лавозимидан озод этилгани ҳақида шу йил бошида ҳам хабарлар тарқалганди, лекин икки ҳафтадан кейин у вазирликдаги ўрнида қолгани маълум бўлди. Яқинда яна шунга ўхшаш хабарлар чиқди: гўёки у ички ишлар вазирлигидан олиниб, Покистонга чегарадош Хост вилоятига губернатор этиб юборилган.
Нега айнан Хост вилояти, чунки Покистон махсус хизматлари ва ҳукумати билан ҳамкорлик қиладиган бу оила Афғонистон–Покистон ўртасида воситачи сифатида кўрилади. Охундзода Покистон билан зиддиятда, Ҳаққоний оиласи эса аввалдан Покистон билан яқин муносабатда бўлиб келган.
Куни кеча афғон дўстларим билан бу борада суҳбатлашган эдим. Уларнинг аксарияти Ҳаққоний лавозимдан кетгани ҳақидаги маълумотни рад этишди. Уларнинг фикрича, Сирожиддин Ҳаққоний ҳали ҳам ички ишлар вазири лавозимида ишламоқда.
Бугунги кунда Афғонистондаги асосий куч маркази Қандаҳорда жойлашган. Сирожиддин Ҳаққоний Кобулда вазир бўлса ҳам, унинг қўл остида фақат автомат каби енгил қуроллар мавжуд. Асосий қуроллар – самолёт, вертолёт, танк ва зирҳли машиналар эса Қандаҳорда, Охундзода қўлида. Шунинг учун Ҳаққоний амирга қарши бормайди, қўлида етарлича қурол мавжуд эмас.
Қолаверса, ҳозир Афғонистон ички сиёсий вазият кескин: Багром масаласи, Покистон билан чегарадаги тўқнашувлар, Эроннинг кўплаб афғонларни депортация қилиши... Шу шароитда «Толибон» ҳукумати кескин ўзгаришларга бормайди.
Сирожиддин Ҳаққонийнинг лавозимидан озод этилиши – йирик оиланинг ҳокимиятдан кетишини англатади, бу эса катта норозиликларга, ҳатто тартибсизликларга сабаб бўлиши мумкин. Шу боис амирнинг бундай қадам ташлаш эҳтимоли паст деб баҳоланмоқда.
Шунга қарамай, бу каби хабарларнинг пайдо бўлиши бежиз эмас. Айрим кучлар Афғонистонда ички зиддиятларни қўзғатишни, «Толибон» ичида бўлиниш юзага келишини хоҳламоқда. Марказий Осиё учун эса Афғонистонда барқарорлик бўлиши жуда муҳим.
Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
21:23 / 04.12.2025
Афғонистонда 13 ёшли бола қариндошларининг қотилини 80 000 томошабин олдида қатл қилди
14:25 / 03.12.2025
🔴 LIVE: Трампнинг элчиси яна Москвада, Путиндан қатор баёнотлар | "Геосиёсат"
20:27 / 02.12.2025
Тожикистон афғон чегарасини қўриқлаш учун Россиядан ҳарбий ёрдам сўради
19:03 / 02.12.2025