Жаҳон | 13:53 / 04.10.2025
3420
2 дақиқада ўқилади

Дания разведкаси: Россия Ғарбга қарши гибрид уруш олиб бормоқда

Дания ҳарбий разведкаси раҳбари Томас Аренкил Россияни «НАТО ҳамжиҳатлигига путур етказиш» учун гибрид уруш олиб бораётганликда айблади. Унинг идораси мамлакат қуролли кучларига қарши диверсиялар хавфи юқори эканлигини билдирди.

Фото: AP

Россия НАТО ичида ноаниқлик ва келишмовчиликни келтириб чиқариш ва Украинани қўллаб-қувватлашга путур етказиш учун Дания ва бошқа Ғарб давлатларига қарши гибрид уруш олиб бормоқда. Бу ҳақда 3 октябр, жума куни Копенҳагендаги матбуот анжуманида Дания ҳарбий разведка хизмати (Forsvarets Efterretningstjeneste, FE) директори Томас Аренкил маълум қилди.

Унинг агентлиги сўнгги ҳафталарда Даниядаги аэропортлар ва муҳим иншоотлар устида дронларни кузатиш натижасида шундай хулосага келди. Бу фуқаролик дронлари учун ҳаво ҳудудининг вақтинча ёпилишига, шунингдек, Копенҳаген ва шимолий Олборг шаҳри аэропортларида ҳаво қатновининг тўхтатилишига олиб келди.

Дания ҳукумати учувчисиз учоқлар ортида ким турганини ҳали аниқламади, бироқ Россияни гумон қилмоқда. «Россия бизни яқин орада уруш хавфи борлигига ишонишимизни хоҳлайди. Улар бизни шу қўрқувда яшашимизни хоҳлайди», — деди Аренкил.

У, шунингдек, Россия ҳарбий кемаларининг «бир неча бор Дания кемалари билан тўқнашув курсида бўлганини» мисол қилиб келтирди. Айни пайтда ҳарбий разведка раҳбари билан бирга матбуот анжумани ўтказган Дания мудофаа вазири Троэлс Лунд Поулсен мамлакат Россия билан уруш томон кетяпти деб ҳисобламаслигини айтди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид