Жаҳон | 17:21 / 05.10.2025
2703
3 дақиқада ўқилади

Гуржистонда ҳукуматга қарши намойишлар ташкилотчилари қўлга олинди

Полиция томонидан ҳибсга олинганларга конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартириш, ҳокимиятни ағдариш ва зўравонлик намойишларини уюштиришга чақириш айблови қўйилган.

Фото: REUTERS

Гуржистон Ички ишлар вазирлиги бир кун аввал «Гуржистон орзуси» ғалаба қозонган муниципал сайловлар фонида норозилик намойишига чиққан мухолифат етакчилари - беш киши қўлга олингани ҳақида хабар берди. «Рустави 2» нашрининг ёзишича, қўлга олинганларга ҳокимиятни ағдаришга чақириш айблови қўйилган.

Полиция томонидан ҳибсга олинганлар: «Ягона миллий ҳаракат» партияси аъзоси ва собиқ бош прокурор Муртаз Зоделова, ЯМҲ аъзоси Ираклий Надирадзе, «Агмашенебели стратегияси» партияси бош котиби Паата Манжгаладзе, Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғининг собиқ ўринбосари Лаша Беридзе, «Руставели проспекти» норозилик ҳаракатининг асосчиси ва опера қўшиқчиси Паата Бурчуладзе.

Уларга конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартириш, ҳокимиятни ағдариш ва зўравонлик намойишларини уюштиришга чақириш айблови қўйилган. Улар 9 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Полиция қўлга олинган мухолифат етакчиларини бир кун аввал Тбилисида шаҳар мэри ва маҳаллий кенгаш депутатлари сайлови фонида бўлиб ўтган ҳукуматга қарши митинг ташкилотчиларидан бири деб ҳисобламоқда. Акцияда Паата Бурчуладзе «Грузин халқининг декларациясини» ўқиб эшиттирди. У ҳозирги ҳукумат ўз легитимлигини йўқотганини айтиб, грузин халқини ҳокимиятни ўз қўлига олишга чақирди.

Тбилисидаги митинглар шундан сўнг полиция билан тўқнашувларга айланиб кетди. Намойишчилар Орбелиани президент саройи ҳовлисига бостириб кириб, темир панжарани синдирди. Полиция оломонни тарқатиш учун сув пуркагичлар ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди.

Намойишчиларнинг ҳаракатларини Гуржистоннинг собиқ президенти Саломе Зурабишвили ҳам қоралаб, «Гуржистон халқининг 310 кунлик тинч норозилигини обрўсизлантириш» учун «президент саройини эгаллашга пародия» деб атади.

Сайловларнинг расмий натижалари эълон қилинишидан олдин ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси ўз ғалабасини нишонлай бошлади. Шундан сўнг, намойишчилар партия идорасигача марш билан боришни режалаштираётганини маълум қилди. Кейинроқ унинг ғалабаси ҳақида МСК ҳам хабар берди: «Гуржистон орзуси» номзодлари Тбилиси, Рустави, Кутаиси, Батуми ва Поти мэри сайловида ғалаба қозонган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид