Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Андрей Бабиш: Украина ЕИга аъзоликка тайёр эмас
Чехиядаги сайловларда ғалаба қозонган ANO партияси раҳбари Андрей Бабишнинг таъкидлашича, унинг мамлакати Украинага Европа Иттифоқи орқали ёрдам бермоқда, «снаряд ташаббуси» эса НАТО орқали амалга оширилиши керак.
Андрей Бабиш Фото: Petr David Josek/AP Photo/dpa/picture alliance
Чехиядаги парламент сайловларида ғалаба қозонган мухолифатдаги «Норози фуқаролар акцияси» (ANO) партияси раҳбари мултимиллиардер Андрей Бабиш Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилишига қарши чиқди. «Сиз ЕИга тайёр эмассиз. Биз биринчи навбатда урушни тугатишимиз керак ва кейин Украина билан ҳамкорлик қилишимиз мумкин, лекин сиз ЕИга тайёр эмассиз», деди 5 октябр, якшанба куни Чехиянинг собиқ бош вазири Андрей Бабиш Украинанинг «Суспільне» телеканали мухбирининг саволига жавобан.
Россия босқинидан ўзини ҳимоя қилаётган Украинага ҳарбий ёрдам ҳақида изоҳ берган Бабиш, Чехиянинг Европа Иттифоқи орқали Украинага ёрдам бераётганига диққат қаратди. «Европа Иттифоқи Украинага ёрдам бермоқда ва бу Европа бюджетида кўзда тутилган ва биз Европа бюджетига катта миқдорда пул тўлаймиз, шунинг учун биз ёрдам беришда давом этамиз», деб тушунтирди ANO раҳбари.
Андрей Бабишнинг сўзларига кўра, Чехия томонидан Украина учун бошланган «снаряд ташаббуси» НАТО орқали амалга оширилиши керак. «Бу шаффоф бўлиши керак, агар уруш бўлса, ҳеч ким ундан пул ишламаслиги керак. НАТО буни ташкил қилиши керак», — дейди у.
Бабиш, шунингдек, 2014 йилда Россия агрессияси бошланганидан ва Қрим қўшиб олинганидан бери Украинани қўллаб-қувватлаганини маълум қилди. Шунингдек, Украина президенти Володимир Зеленский билан уч марта, жумладан, 2019 йилнинг ноябрида ҳам учрашув ўтказилган, дея қўшимча қилди собиқ бош вазир.
Партияси сайловда ғалаба қозонганидан сўнг, Бабиш Чехия президенти Петр Павел билан учрашиш ва «Чехия ва Европа қонунчилигига мувофиқ ечим таклиф қилиш» ниятида эканини билдирди.