Жаҳон | 08:30 / 06.10.2025
2920
4 дақиқада ўқилади

Гуржистон: президент саройига ҳужум мухолифатни иккига ажратди

Ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси бойкотлар ва рекорд даражада паст сайловчилар иштироки фонида мамлакат бўйлаб барча муниципалитетларда ғалаба қозонганини эълон қилди. Намойиш кучайиб, президент саройига бостириб киришга уриниш юз берди.

Фото: Giorgi Arjevanidze/AFP/Getty Images

4 октябр куни Гуржистонда маҳаллий сайловлар бўлиб ўтди. Овозлар санаб чиқилгандан сўнг, «Гуржистон орзуси» барча муниципалитетларда ғалаба қозонганини эълон қилди. Аксарият мухолифат партиялари сайловларни бойкот қилиб, «ҳукуматни тинч йўл билан ағдариш» шиори остида митинг ўтказишга чақирди. Бироқ намойишнинг ўзида айрим ташкилотчилар одамларни президент саройига бостириб киришга чақириб, полиция билан тўқнашувга сабаб бўлди. Расмийлар ҳибсга олишга ваъда берган ва бир неча намойиш етакчиларини аллақачон ҳибсга олган. Сайлов натижалари мухолифатнинг тўқнашувга чақируви билан бир қаторда, норозилар сафини янада бўлиб юбориши ва норозиликларнинг руҳиятини пасайтириши, янги ҳибсга олишлар тўлқинига олиб келиши мумкин.

Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, овозларнинг 75 фоизи санаб бўлингандан кейин «Гуржистон орзуси» 81 фоиз овоз билан етакчилик қилмоқда. У барча муниципалитетларда ғалабани эълон қилди. Тбилисида Каха Каладзе мэр лавозимини сақлаб қолди. Бош вазир Ираклий Кобахидзе партия ва мэрни ғалаба билан табриклар экан, «Гуржистон орзуси»нинг фахрий раиси, партия асосчиси Бидзина Иванишвилига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Сайловда иштирок этиш рекорд даражада паст бўлди. Марказий сайлов комиссияси (МСК) маълумотларига кўра, сайловда 1,5 миллионга яқин сайловчи иштирок этган, бу умумий сайловчиларнинг 40 фоиздан кўпроғини ташкил этади. Аввалги сайловларда сайловчиларнинг деярли 52 фоизи қатнашган. Гуржистоннинг энг кўп норозилик билдирган шаҳри бўлган Тбилисида, расмий маълумотларга кўра, сайловчиларнинг иштироки атиги 31 фоизни ташкил қилган. Ижтимоий адолат маркази (SJC) раҳбари Тамта Микеладзенинг таъкидлашича, Тбилисида миллиондан ортиқ сайловчи бор ва МСК маълумотларига кўра, умумий сайловчилар базасининг 20 фоиздан сал ортиғи ҳозирги мэр учун овоз берган.

Сайловда «Гуржистон орзуси»дан ташқари қуйидаги партиялар ҳам иштирок этди: «Кучли Гуржистон– Лело» (6,775 фоиз), "Гахария – Гуржистон учун" (3,872 фоиз), "Гирчи" (3,291 фоиз) ва "Консерваторлар – Гуржистон учун" (2,765 фоиз), шунингдек, бир фоиздан кам овоз олган бир қатор кичикроқ партиялар. Сайловда иштирок этишнинг пастлигини мухолиф партияларнинг муҳим қисми, жумладан, энг йириклари ҳам сайловдан чиқиб кетгани билан изоҳлаш мумкин. Улар 2024 йилги парламент сайловларини сохта, деб ҳисоблаб, амалдаги ҳукуматни қонуний деб тан олмайди. Мухолифат ҳокимиятни адолатсиз шароитлар яратиш ва репрессияларда айблади, чунки камида олти мухолифат партияси етакчиси қамоқда. "Кучли Гуржистон — Лело" ва "Гахария — Гуржистон учун" ҳукмрон партияни фақат овоз бериш орқали мағлуб этиш мумкин, деб ҳисоблаб, сайловларда иштирок этишга рози бўлди.

Бироқ кузатувчилар томонидан кенг тарқалган қонунбузарликлар ҳақида хабар берилмаган. Сайловлар ЕХҲТ халқаро кузатувчилари иштирокисиз ўтказилди, чунки Гуржистон расмийларидан таклиф жуда кеч келган. Овоз беришни кузатиш учун маҳаллий нодавлат ташкилотлар ҳам йўқ эди. Сайлов арафасида расмийлар кўплаб хорижий журналистларга киришга рухсат бермади.

Шунга қарамай, кўпчилик овозлар санаб бўлингандан сўнг, "Лело" аъзолари фирибгарлик, "каруселлар" овози ва қўрқитиш ҳолатлари ҳақида хабар берди. Партия ичидаги бир қанча номзодлар «Гуржистон орзуси»ни босим ўтказишда айблаб, сайловлар арафасида ўз номзодларини қайтариб олди. Мухолифатнинг бойкот қилиши сабабли муниципалитетларнинг деярли ярмида ҳукмрон партия вакиллари ягона номзод бўлган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид