Жаҳон | 21:47 / 06.10.2025
4247
2 дақиқада ўқилади

Зеленский АҚШ Украина учун Patriot харидларига рухсат берганини айтди

Энди масала фақат пулда, деди Украина раҳбари.

Фото: Global Look Press

АҚШ Киевга Patriot ҳаво мудофаа тизимлари ва улар учун ракеталар сотиб олиш имкониятини очди, деди Украина президенти Володимир Зеленский матбуот анжуманида.

«Америкаликлар Patriot сотиб олиш имкониятларини, нафақат ракеталарни, балки тизимларни ҳам очди. Энди масала фақат пулда. Яъни кўряпсизми, плюслар ҳам, минуслар ҳам бор», деди у.

Зеленскийнинг маълум қилишича, қишда Украинани ҳимоя қилиш кўп жиҳатдан АҚШдан сотиб олинадиган ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталарига боғлиқ. Киевнинг иттифоқчилари орасида буни тушунадиган ва PURL (Prioritised Ukraine Requirements List - Украинанинг устувор эҳтиёжлари рўйхати) дастури доирасида молиялаштирадиган «жуда масъулиятли давлатлар» бор. У Германия, Нидерландия, Канада, Швеция, Дания, Норвегия, Белгия, Болтиқбўйи мамлакатлари ва бошқаларни санаб ўтди.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Киев иттифоқчилар билан уларнинг қурол сотиб олишга ҳиссаси бўйича қайта музокараларни бошлаган. «Чунки биз бошқа давлатларда тезликни кўрмаяпмиз. Афсуски. Шунинг учун вазият бугунги кунда ушбу давлатларга боғлиқ», деди Украина президенти.

Гап айнан қайси давлатлар ҳақида кетаётганига аниқлик киритмади. Шу билан бирга, Зеленский АҚШ томонидан харидлар учун ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини яна бир бор таъкидлади.

Ёзда АҚШ президенти Доналд Трамп Украинага 17 та Patriot мажмуасини етказиб беришга тайёрлигини эълон қилди, унинг сўзларига кўра, улар учун Европа давлатлари пул тўлайди, у бир нечта тизимларни «жуда тез» етказишга ваъда берди. Зеленский Ғарбдан ҳаво ҳужумидан мудофаа, жумладан, Patriot етказиб беришни кўпайтиришни бир неча бор сўраган.

Россия Киевга қурол етказиб берилишига қарши. Европа давлатлари Украинани ҳарбий қўллаб-қувватлашни давом эттириб, «ўзларига зарар бермоқда», деб таъкидлади ТИВ.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид