Технология | 07:40 / 07.10.2025
12103
2 дақиқада ўқилади

Рейтинг: 2025 йилда дунёдаги энг инновацион давлатлар

Инновацияларга кўпинча иқтисодий рақобатбардошликнинг асоси сифатида қаралади. Қуйидаги харитада мамлакатларни илмий тадқиқотлар ва тадбиркорликни ривожлантириш қобилиятига асосланган рейтингини тузадиган йиллик Глобал инновациялар индекси (Global Innovation Index, GII) натижалари тасвирланган.

Фото: Keystone

Харитадаги пастроқ кўрсаткичлар тўқ кўк рангда кўрсатилган бўлиб, улар ошгани сайин аста-секин яшил, кейин эса сариқ рангга ўтади. Визуализация учун маълумотлар Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO) томонидан тақдим этилган. Бу ерда инновация кенг маънода таърифланган бўлиб, у нафақат тадқиқот ва ишланмаларга асосланган ютуқларни, балки янги технологияларни босқичма-босқич ўзлаштиришни ҳам ўз ичига олади.

2025 йилда индекс WIPO'нинг методологияни модернизация қилиш, янги маълумотлар манбаларини интеграциялаш, замонавий, тақсимланган ва рақамли инновацион экотизимларни янада аниқроқ баҳолаш бўйича саъй-ҳаракатларини акс эттирувчи 78 та кўрсаткичдан фойдаланади.

Европа давлатлари дунёдаги энг инновацион давлатлар қаторидан жой олишда давом этмоқда. Швейцария қаторасига 15 йил индексда етакчилик қилмоқда, Швеция, Буюк Британия, Финландия, Нидерландия ва Дания эса кучли ўнталикка кирган.

Фото: Visualcapitalist  

АҚШ кетма-кет учинчи йил GII'да учинчи ўринни сақлаб қолди ва икки тоифада етакчилик қиляпти: «бозорнинг ривожлангани» ва «ишбилармонлик фаоллиги даражаси».

Осиё минтақаси GII 2025'да кучли ўсишни кўрсатди, Жанубий Корея рекорд даражадаги тўртинчи ўринни эгаллади. Мамлакат «инсон капитали ва тадқиқотлар» тоифасида биринчи ўринни эгаллади ҳамда WIPO'нинг турли кўрсаткичлари бўйича юқори ўринлардан жой олди.

Хитой биринчи марта GII топ-10 талигига кириб, 30 та давлат орасида ягона ўрта даромадли иқтисодиётга айланди. WIPO ҳисоб-китобларига кўра, Хитой топширилган патент аризалари бўйича етакчилик қилмоқда.

Россия инновациялар индексида 60-ўринни эгаллади. Ўзбекистон эса 79-поғонадан жой олди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид