Жаҳон | 12:18 / 07.10.2025
3053
2 дақиқада ўқилади

Трамп АҚШда бюджет инқирози туфайли ишдан бўшатишлар ҳақида маълум қилди

АҚШ президенти Конгрессда давом этаётган бюджет блокадаси туфайли давлат хизматчиларини ишдан бўшатиш бошланганини эълон қилди. У иш ўринларининг йўқолишида демократларни айблади.

Фото: AFP

АҚШ президенти Доналд Трамп ҳукумат фаолияти тўхтатилиши муносабати билан федерал амалдорларни ишдан бўшатиш бошланганини эълон қилди. 5 октябр, якшанба куни Вашингтондаги Оқ уйда журналистлар билан суҳбатда Трамп: "Якуний ишдан бўшатиш жараёни аллақачон бошланган", деди.

«Буларнинг барчаси демократлар туфайли. Демократлар кўп иш ўринларининг йўқолиши учун жавобгардирлар», дея қўшимча қилди республикачи. У ишдан бўшатиш тафсилотларини очиқламасдан мавзуни кескин ўзгартирди.

Бюджетни музлатиб қўйиш, шатдаун туфайли тахминан 750 000 федерал ходим мажбурий тўланмайдиган таътилга чиқарилган. Ҳаво ҳаракатини бошқариш, полиция, чегарани ҳимоя қилиш ва тез тиббий ёрдам хизматларини ўз ичига олган асосий хизматлар учун истиснолар мавжуд. Трамп дастлаб агар шатдаун давом этса, оммавий ишдан бўшатишлар билан таҳдид қилган.

Конгресс яна вақтинчалик бюджет бўйича келиша олмаганидан сўнг, 1 октябр куни шатдаун расман бошланди. Ўшандан бери республикачилар ва демократлар етакчилари ўртасидаги музокаралар тўхтаб қолган. Мухолифат вакиллари кам таъминланган фуқаролар учун Obamacare тиббий суғурта дастурини ҳукумат томонидан қўллаб-қувватлашда муросага бормаслигини айтди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид