Жаҳон | 18:35 / 07.10.2025
4728
5 дақиқада ўқилади

Туркий дунё стратегик ўз-ўзини белгилаш даврига кирди

Яқингача Туркий давлатлар ташкилоти фақат маданий ҳамкорлик майдони сифатида қабул қилинарди. Энди эса у ҳақиқий сиёсий ва институционал қиёфа касб этмоқда.

Саммит мезбони Илҳом Алиев Ўзбекистон президентини қутламоқда.

Халқаро муносабатлар бўйича таҳлилчи Мирзо Рустамов Kun.uz'га тақдим этилган мақоласида Озарбойжоннинг Ғабала шаҳрида ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммити ва Ўзбекистоннинг ташаббуслари ҳақида сўз юритади.

Ғабала саммити Туркий давлатлар ташкилотининг рамзий интеграциядан Евроосиё маконида янги куч марказини изчил барпо этиш босқичига ўтганини намоён қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари ушбу трансформациянинг миқёси ва мазмунини белгилаб, Турк дунёси учун келгуси ўн йилликларга мўлжалланган стратегик устувор йўналишларни аниқлаб берди.

Яқингача Туркий давлатлар ташкилоти фақат маданий ҳамкорлик майдони сифатида қабул қилинарди. Энди эса у ҳақиқий сиёсий ва институционал қиёфа касб этмоқда.

Президент Мирзиёевнинг Самарқандда ташқи ишлар вазирлари ва махсус хизматлар раҳбарларининг илк қўшма йиғилишини ўтказиш ҳақидаги таклифи янги даражадаги мувофиқлашувга – минтақавий хавфсизликни таъминлашнинг миллий механизмларини яратиш босқичига ўтишни англатади.

Бу эса «туркий барқарорлик архитектураси»нинг шакллана бошлаганини ифода этади. Хавфсизлик эндиликда фақат таҳдидларга қарши кураш эмас, балки ишонч, мулоқот ва жавобгарлик тизими сифатида талқин этилмоқда.

Асосий ташаббуслардан бири – Тошкентда Лойиҳа офисига эга бўлган Иқтисодий ҳамкорлик бўйича доимий кенгашни ташкил этишдир.

Бу қадам Ўзбекистоннинг туркий иқтисодий макон координатори сифатидаги нуфузини мустаҳкамлайди ҳамда саноат кооперацияси, инвестиция платформалари ва умумий регламентлар орқали функционал интеграция сари йўл очади.

Шаклланаётган «Янги иқтисодий имкониятлар макони»да асосий механизмлар жамланган: Саноат альянси, «Туркий яшил йўлаклар» тизими ва «Яшил трансформация» консорциуми. Шу тариқа Турк дунёси барқарор ривожланишнинг ўз моделига эга бўлмоқда – у ерда иқтисод, экология ва технологиялар ягона ўсиш стратегиясига айланмоқда.

Ўрта коридорни Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли ва Трансафғонистон йўналиши билан боғлаш бўйича таклиф минтақа учун янги имконият очди.

Бу фақат транспорт эмас – бу инфратузилма геосиёсати бўлиб, ҳақиқий ўзаро боғлиқлик ва қўшимча қиймат занжирларини яратади.

Шу маънода 12 ноябр куни Тошкентда бўлиб ўтадиган Мультимодал ташишлар бўйича халқаро форум рақамли божхона тизими, тарифларни оптималлаштириш ва «яшил» логистика масалаларини муҳокама қилиш майдонига айланади.

Туркий инвестиция фондининг фаолиятини кенгайтириш ва халқаро ривожланиш банклари билан ҳамкорлик, ташқи кредит манбаларига альтернатив тизимни яратади.

Президент Мирзиёев Ислом тараққиёт банки ва ЕБРР билан ҳамкорликни стратегик дастур доирасида институционаллаштиришни таклиф этди.

Бу иқтисодиётнинг реал секторларига сармоя оқимини таъминлайди ҳамда инфратузилма ва қайта тикланадиган энергия лойиҳаларини молиялаштириш учун янги имконият яратади.

Шу билан бирга, «Сунъий интеллект ва креатив иқтисодиёт бўйича йўл харитаси» ташаббуси интеграцияни келажак технологиялари майдонига кўчиради.

Туркий давлатлар интеллектуал ва инновацион ресурсларни бирлаштириб, ташқи таъсирлардан мустақил рақамли экотизим яратиш имкониятига эга бўлмоқда.

Ўзбекистонда Туркий давлатлар халқаро университетини ташкил этиш умумий таълим ва илм-фан маконининг шаклланаётганини англатади.

Президент илгари сурган «Жаҳолатга қарши маърифат» ғояси айниқса идеологик ва рақамли низолар авж олган замонда долзарб аҳамият касб этмоқда.

Шу билан бирга, экстремистик ғояларга қарши кураш бўйича Ҳаракатлар режаси ёшлар маънавий иммунитетини мустаҳкамлашга қаратилган, Низомий ва Навоий ижодига бағишланган халқаро конференция ташаббуси эса маданий дипломатияга унинг ҳақиқий мазмунини – инсонпарварлик, биродарлик ва ҳурматни – қайтармоқда.

 

Шавкат Мирзиёевнинг барча ташаббуслари тизимли мантиқка эга.

Бу алоҳида ғоялар эмас, балки сиёсий бирдамлик, иқтисодий ҳамкорлик, технологик модернизация ва маданий ўзига хосликни ўзаро боғлайдиган ягона доктринадир.

Ўзбекистон нафақат фаол иштирокчи, балки янги Туркий дунё архитектори – очиқ, оқилона ва яратувчан моделнинг асосий илҳомлантирувчисидир.

Ғабала саммити Туркий ташкилотнинг «минтақавий бирлашмалар» тоифасидан чиқиб, жаҳон сиёсатининг стратегик ўйинчилари сафидан жой олганини намоён қилди.

Президент Мирзиёевнинг ташаббуслари прагматикликдан миссияга, ҳамкорликдан дахлдорликка янги уфқларни очиб берди.

Туркий дунё ўз-ўзини белгилаш даврига кирди – бу ерда тортилиш маркази куч эмас, маъно бўлиб бормоқда.

Мирзо Рустамов

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид