Жаҳон | 16:48 / 08.10.2025
7166
11 дақиқада ўқилади

Ғазо урушининг 2 йиллиги. Дунё нега геноцидни тўхтатолмаяпти?

ҲАМАС ҳаракатининг 2023 йил 7 октябрдаги “Ал-Ақсо тўфони” операцияси Яқин Шарқдаги геосиёсий мувозанатни тубдан ўзгартирди. Ўтган икки йил ичида Ғазодаги қирғинбарот нафақат Исроил–Фаластин муносабатларини, балки бутун минтақавий хавфсизлик тизими ва глобал жамоатчилик фикрини ҳам қайта шакллантирди.

Kun.uz сана муносабати билан экспертларни “Геосиёсат” дастурига, таҳлилий суҳбатга таклиф этди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

ҲАМАСнинг 2023 йил 7 октябрдаги “Ал-Ақсo тўфони” операциясидан мақсад нима эди ва гуруҳ бу мақсадларига қанчалик эришди?

Камолиддин Раббимов: 2023 йил 7 октябр куни юз берган воқеалар глобал сиёсий кун тартибини тубдан ўзгартирди. Ўша пайтда Россия-Украина уруши қизғин паллада эди. Шунда кўплаб экспертлар қуйидаги саволларни ўртага ташлади: ҲАМАСга ким ёрдам берди? Бу ҳужум кимга фойда келтиради?

Дастлабки тахминлар сифатида ҲАМАСга Россия ёки Эрон ёрдам берган бўлиши мумкин деган фаразлар илгари сурилди. Сўнгги икки йил ичида Яқин Шарқдаги сиёсий муҳит кескин ўзгарди. Унгача вазият қандай эди? 1948 йилда Исроил давлати ташкил топганидан сўнг, аксарият араб давлатлари уни тан олишдан бош тортди. Лекин вақт ўтиши билан Миср ва Иордания Исроил билан урушлар ва йўқотишлардан сўнг, у билан дипломатик муносабатлар ўрнатишга мажбур бўлди.

Доналд Трампнинг биринчи президентлик муддатида АҚШ ташқи сиёсатида Исроил тарафдорлиги янада кучайди. Трампнинг куёви Жаред Кушнер Яқин Шарқ бўйича асосий расмий сифатида фаолият юритди. Бу даврда яна бир нечта араб давлатлари, хусусан Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн ва Марокаш ҳам Исроилни тан олди. Кейинчалик, 2023 йилда араб дунёсининг энг қудратли давлати – Саудия Арабистони ҳам Исроилни тан олиш ёқасида эди.

Айнан шундай сиёсий фонда ҲАМАС Исроилга ҳужум уюштирди. Бу ҳаракат бир нечта мақсадларни кўзлаган эди:

1. Дунё ҳамжамиятига Фаластин муаммосини эслатиш;

2. Исроилнинг минтақага интеграциялашуви жараёнига зарба бериш;

3. “Иброҳим келишувлари”ни тўхтатиш ва Фаластин давлатининг ташкил этилишини яна муҳокама марказига олиб чиқиш.

ҲАМАС ўз ҳаракати орқали мазкур мақсадларга қисман эришди. Бироқ бу ҳужум натижасида кутилмаган даражада катта уруш бошланди ва бу нафақат ҲАМАС, балки Ғазо секторидаги оддий фуқароларга ҳам оғир йўқотишлар олиб келди.

Доналд Трамп Исроил лоббисининг кучли қўллови билан 2025 йилда ҳокимиятга қайтди. Исроил бош вазири Нетаняҳу буни худди карт-бланш олгандек қабул қилди. Нетаняҳу – Трамп Оқ уйга қайтганидан кейин у билан энг кўп учрашган сиёсатчи, яқинда тўртинчи марта учрашди. Феврал ойидаги учрашувда у Ғазо секторини бутунлай бўшатиш ва бу ҳудудни француз Ривиерасига ўхшаш туристик масканга айлантириш ҳақида гапирди. Бу таклиф илгари АҚШ расмийлари томонидан ҳеч қачон илгари сурилмаган эди. Бу амалда Ғазони Исроилга беришни англатар эди.

Трампнинг ҳокимиятга қайтиши ортидан Исроилнинг ҳарбий ҳаракатлари янада кескинлашди. 2023–2024 йиллар оралиғида аксар араб давлатлари, жумладан Саудия Арабистони ҳам Исроилни жиддий танқид қилмаганди, Исроил ўзини ҳимоя қиляпти деган яширин позицияда эди. Лекин кейинчалик, халқаро жамоатчилик фикри ўзгара бошлади. Исроил ҳаракатлари геноцид сифатида баҳоланди. Бу эса Ғарб ичида ҳам зиддиятларни келтириб чиқарди. Сўнгги пайтларда Буюк Британия, Франция, Австралия, Канада каби давлатлар Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олди.

Фарҳод Каримов: ҲАМАС ўз ҳужумларини бошлаган пайтда маълум мақсадларни кўзлаганини очиқ эълон қилган эди. Энг асосий сабаб – Исроил томонидан Фаластин ҳудудлари узоқ йиллардан бери босқичма-босқич босиб олинаётгани, у ерларга Исроил фуқароларининг кўчирилиши ва натижада Фаластин, айниқса Ғазо секторининг изоляцияга тушиб бораётгани эди. 2006 йилдан бери Ғазо секторини қамал қилиш йилдан йилга ҳам қуруқликдан, ҳам денгиздан кучайтириб борилаётган эди. Дастлаб балиқчилар учун 100 км масофагача бўлган денгиз ҳудуди кейинроқ атиги 10 км атрофидагина чеклаб қўйилган. 2021–2022 йилларга келиб Ғазо сектори деярли тўлиқ изоляция ҳолатига тушди, оддий балиқчилик билан кун кўриш ҳам қийин бўлиб қолди.

Бу вазиятдан чиқиш йўли сифатида ҲАМАС Исроилга ҳужум қилиб, асирларни қўлга киритиш орқали Исроилга босим ўтказиш мақсадида эди. Бунга эришди ҳам: 250 дан ортиқ киши асир олиниб, бу орқали ўз шартларини илгари суриб келмоқда. Асирларнинг баъзилари эвазига минглаб фаластинликлар озод қилинди, Исроилнинг айрим ҳарбий режаларига вақтинчалик тўсқинлик қилинди. Лекин 7 октябр кунги ҳужумда, Исроилда мингдан ортиқ одамлар ҳалок бўлди. Бу қурбонлар сони Исроил жамиятида кескин муносабатга сабаб бўлди. Натижада бош вазир Нетаняҳу ушбу таҳдидни тўлиқ бартараф этиш, яъни Ғазодан келаётган хавфни буткул йўқотиш керак деган қарорга келди. Бу эса Нетаняҳу учун сиёсий ва ҳарбий жиҳатдан катта имконият эшикларини очди. У нафақат ҲАМАСга, балки Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ва бошқа қўллаб-қувватловчи давлатларга нисбатан ҳам босимни оширди. “Агар ҲАМАСни қўллаб-қувватласанг, сени ҳам нишонга оламиз” деган очиқ таҳдидлар билдирилди. Бу ҳаракатлар аввалига Ғарб давлатлари томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. Ушбу воқеалар натижасида минтақада янги геосиёсий муҳит шаклланди.

Энди савол туғилади: ҲАМАС мақсадига эришдими? Ҳа, қисман ўз мақсадига эришди. Дунё ҳамжамиятининг эътиборини Фаластин масаласига қайтара олди. Россия–Украина уруши давом этаётган бир пайтда, Фаластин муаммоси ундан кам бўлмаган даражада глобал сиёсий кун тартибидан ўрин олди.

Шу билан бирга, ҲАМАС ҳарбий ва сиёсий етакчиларидан айрилди. Қолаверса, ташкилот бўлакларга бўлиниб кетди. Ташқаридаги ҳомийлари ва қўллаб-қувватловдан қуруқ қолди. Исроилнинг Эронга зарбалари ва Суриядаги инқилоб натижасида Эроннинг ҲАМАС билан алоқа қилиши деярли имконсиз ҳолга келди.

Ҳамид Содиқ: 1948 йилда Деир Яссин воқеалари ортидан Исроил давлати ташкил топди. Ўша воқеа натижасида кичик бир қишлоқдаги кўплаб одамлар қириб ташланди, бутун Фаластинда қўрқув пайдо бўлиб, 700 мингдан ортиқ фаластинлик ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди.

Шу пайтгача Исроил Фаластин ҳудудларида кўплаб кичик-кичик урушлар қилиб келди. Исроилда бу урушларни ахборот билан кўмиш имконияти бор эди: дунёга ўзининг нуқтайи назарини сингдира оларди. Бу стратегия кўп йиллар давомида иш берди.

Исроил ва ҲАМАС бир-бирини жуда яхши танийди. Улар бир-бирларига лойиқ рақиб. Ғарбий соҳилда ФАТҲ бор, лекин у – бичилган сиёсий ташкилот ва у билан ҳеч ким ҳисоблашмайди. ҲАМАС тушунардики, агар мана шундай йўлдан юрмаса, уни ҳеч ким тан олмайди.

Бир вақтлар исроиллик аскар Гилад Шалитни ҲАМАС гаровга олганди. Бу Исроил жамиятини қаттиқ тўлқинлантириб, сиёсий инқирозгача олиб келади, натижада Шалитни озод этиш эвазига Исроил 1 300 га яқин фаластинлик маҳбусни озод қилади. Шундан кейин Исроил “Қуйма қўрғошин” операциясини бошлайди ва минглаб фаластинлик ҳалок бўлади. Кўряпмизки, қурбонлар нисбати камида бирга юз ёки бирга минг. Демак, ҲАМАС 7 октябрда мингта одам ўлдирилдими, демак Исроилнинг жавоб уруши узоққа чўзилиши ва Ғазода қурбонлар кўп бўлишини олдиндан билган. Бу урушга ҲАМАС ҳам, Исроил ҳам авж паллага бир хил позицияда келаётган эди: иккаласи ҳам ҳарбий жиҳатдан тўйинган эди.

ҲАМАС нафақат Исроил номли лойиҳа, балки либерализм ғоясига ҳам етарлича зарба берди. Ғазодаги урушни параллел давом этаётган Украинадаги уруш билан таққослаш ва икки стандартлиликни аниқ кўриш мумкин.

Шавкат Икромов: Дунёнинг бу воқеаларга эътиборсизлиги ва реакция жуда кеч бўлгани фонида, ғазоликларнинг матонатини алоҳида таҳсинга лойиқ деган бўлардим. ҲАМАС Исроилга ҳужум қилар экан, унинг асосий сабаблари бор эди, юқорида бу ҳақда гапириб ўтилди: Ғазо қамалга олиниб, эркинликлари борган сари бўғилиб бораётган эди. Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги охирги тўқнашув 2021 йилда бўлганди: ўшанда уруш тез тугаган эди. Эҳтимол, ҲАМАС бу сафар ҳам уруш шундай тез тугайди деб кутган бўлиши мумкин. Чунки узоқ муддатли стратегия бор эди дейиш қийин.

Уруш кўлами кенгайиб кетди. Буни ҲАМАС олдиндан баҳолай олмаган, деб ўйлайман. Уруш геноцид даражасига чиқди, Ғазода 64 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди. Шундай паллада, ғазоликларнинг матонати халқаро ҳамжамият муносабати ўзгаришига сабаб бўлди. Улар туриб беришди: уйларини ташлаб чиқишди, болаларидан айрилишга чидашди, кўчиб юришди, оч қолишди... ҲАМАС оч қолгани йўқ. Унинг аскарларидан қанчаси ҳалок бўлди, бу савол остида, лекин масалан асирлар алмашинуви пайтида ҲАМАС аскарлари – бўйи 2 метр, тоза кийинган, кўркам – чиқиб келишди. Ҳамма ҳайрон қолганди: булар қаердан чиқиб келди? Шунча ғазоликлар ўляпти, оч қоляпти, булар қаерда ўтирганди?

Ҳозир Мисрда бўлаётган музокараларда ҳам айнан Ғазодан чиқиб бораётган ҲАМАСнинг ҳарбий вакиллари бор. Яъни ишонч билан айтишимиз мумкинки, ҲАМАСнинг ҳарбий қанотлари ҳали бор. Инфратузилмаси заифлаштирилди, лекин буткул йўқотилмади. Асосий масала – ҳимоясиз қолган халқ бўлиб турибди. Айнан шу халқ – ғазоликларнинг ўзи халқаро ҳамжамиятни охир-оқибат позициясини ўзгартиришга мажбур қилди.

Албатта, агар ўз мамлакатининг ичкарисида доимий равишда намойишлар бўлмаганида, Ғарб мамлакатлари элитаси бунга ўзларича эътибор қаратишмасди. Испанияда, Европанинг бошқа давлатларида кенг кўламли намойишлар доимий бўлиб турибди. Афсуски, деярли ҳеч бир мусулмон мамлакатида бундай намойишлар бўлаётгани йўқ.

Тинчликка эришиш учун 64 мингта одамнинг ҳалок бўлиши, миллионлаб одамнинг оч қолиши ва бутун бошли шаҳарларнинг вайрон бўлишини кутиш керак эмас эди.

Суҳбат давомида дунё нега бу геноцидни тўхтата олмаётгани, ҲАМАСнинг фаластинликлар иродасини қанчалик тамсил қила олиши, ҲАМАСдаги ички бўлинишлар, Европа давлатларининг позицияси ўзгариши, АҚШ ҳукуматига Доналд Трампнинг қайтиши Ғазодаги урушга қандай акс садо бергани ҳақида ҳам атрофлича сўз борди.

Суҳбатни тўлиқ ҳолда YouTube'да томоша қилинг.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид