Жаҳон | 15:26 / 09.10.2025
4763
4 дақиқада ўқилади

Россия АҚШ билан плутоний келишувини бекор қилди

Россия давлат думаси АҚШ билан плутоний утилизацияси бўйича тузилган келишувни бекор қилиш қарорини қабул қилди. Ушбу битимга кўра, ҳар икки давлат ўзида мавжуд бўлган 34 тоннадан “қурол даражасидаги” плутонийни зарарсизлантириши керак эди. Москванинг бу қадамлари ғарб томонидан Украинага “Tomahawk” ракеталари берилиш эҳтимоли фонида юз бермоқда.

Айни мавзу – Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастури муҳокамасида.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Россия нега АҚШ билан плутоний радиоактив моддасини утилизация қилиш келишувидан чиқяпти ва бунинг оқибатлари нима бўлиши мумкин?

Шуҳрат Расул: Гап АҚШ ва Россияда ҳар бири 34 тоннадан “қурол плутонийси” тўпланиб қолганига бориб тақалади. Бу моддалар 1987 йилдаги “Ўрта масофага учувчи ракеталарни йўқ қилиш”, 1990 йилдаги SNV-1 ва 1993 йилдаги SNV-2 келишувлари натижасида ракеталардан ечиб олинган ядро каллакларидан тўпланган моддалар ҳақида кетяпти. 2000 йилда томонлар бу плутонийни қурол ҳолатидан чиқариб, атом электр станцияларида ёқилғи сифатида ишлатиш бўйича меморандум имзолаган. 2010 йилда эса “Росатом” раҳбари Сергей Кириенко ва АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтон бу келишувнинг техник тафсилотларини тасдиқлаган. Аммо 2016 йилда Россия битимни тўхтатди. Сабаби АҚШ плутонийни ёқилғига айлантирувчи заводни қурмасдан, “Dilute and Dispose” (нейтраллаш ва йўқ қилиш) усулига ўтган, яъни плутонийни контейнерларда сақлашни танлаган. Россия бунга ишонмаяпти: Москва фикрича, бу усул плутонийни қисқа вақт ичида яна қурол даражасига қайта тиклаш имконини беради. АҚШ эса ўз технологияси бундай хавф туғдирмаслигини, плутонийни энди қайта ишлатиб бўлмаслигини таъкидламоқда. Шундай қилиб, асосий келишмовчилик плутонийни йўқ қилишнинг техник ишончсизлиги устида бўляпти. Россия буни хавф деб билса, АҚШ технологик йечимни етарли деб ҳисоблайди.

Жаҳонгир Акрамов: Ҳозирги вазият дипломатик эскалация даражасини кўрсатади. Сўнгги пайтларда АҚШ президенти ва расмийлари орқали “Tomahawk” 2,500 км радиусга аниқ нишонга етиб бора оладиган ракеталарни етказиб бериш эҳтимоли ҳақида кўплаб ишоралар айтиляпти. Ҳаттоки Доналд Трампнинг ўзи ҳам бунга рози эканлигини билдирган. Бу жараён НАТО доирасида, хусусан Британия ва Франция орқали ҳам муҳокама қилинмоқда. Шу нуқтайи назардан Россия бундай ҳаракатларга қарши ўз жавобини кучайтириши табиий: конфликтологиядаги нормал реакциялардан бири сифатида иккинчи томоннинг жавоб чораларини кўриши кутилади. Бундан ташқари, плутоний ядро қуроли даражасидаги моддалар атрофидаги баҳслар оддий фуқароларни ҳам асабийлаштирмоқда. Бу мавзу Америка жамиятида ҳам кенг муҳокама қилинмоқда. Шу тариқа мавзу жаҳон даражасида ҳам ташвиш уйғотади ва Россия учун дипломатик капиталларни ишга солиш имкониятини яратади, яъни “ядро капитали”ни эслатиб, музокараларда босим ўтказиш усулига мурожаат қилинади. Бу узоқ йиллардан бери ишлатиладиган эски тактика. Аммо Россиянинг шартномадан чиқиши тактика жиҳатдан жамоатчилик эътиборини тортиш ва қисқа муддатли ютуқ бўлиб кўриниши мумкин, стратегик нуқтайи назардан эса бу қарор ўзини мағлубиятга олиб келиши эҳтимоли юқори. Аввало, стратегик қуролларни чеклаш шартномалари томонларнинг ўзаро қурол захираларини билиши ва назорат қилишига хизмат қилган. Агар бу механизмлар заифлашса, назорат ўрнатиш имкониятлари камаяди. Натижада бу ҳолат янги қуролланиш пойгасини рағбатлантириши мумкин, ишонч пасайгач, давлатлар янги қуролларга сармоя киритишга, қайта қуролланишга қизиқиш ва капитал ажратишни бошлайди. Шу билан бирга, шартномаларнинг заифлашуви ва назорат механизмларининг ёмонлашуви глобал хавфсизлик учун жиддий хавф ҳисобланади.

Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид