Ўзбекистон | 09:33 / 09.10.2025
2325
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг Монакодаги биринчи элчиси тайинланди

Ўзбекистоннинг Монако князлигига янги тайинланган биринчи фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Париж шаҳрида жойлашган) Нодир Ғаниев 7 октябр куни княз Альберт II га ишонч ёрлиқларини топширди.

Фото: Дунё

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга содиқлиги билан танилган Монако князи Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергетика бўйича йирик лойиҳаларни ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдириб, яшил иқтисодиётга ўтиш борасидаги саъй-ҳаракатларни ва 2030 йилгача қайта тикланадиган энергия манбаларидан электр энергиясининг 54 фоизини ишлаб чиқариш каби улкан мақсадни эътироф этди.

Монако князи Ўзбекистонни жорий йилнинг октябр-ноябр ойларида Самарқанд шаҳри ЮНЕСКО бош конференциясининг 43-сессиясига мезбонлик қилиши билан табриклади. У мазкур нуфузли тадбир Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятга очиқлиги, ташқи сиёсий фаолиятининг ёрқин ифодаси эканини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон элчиси, ўз навбатида, Ўзбекистон-Монако муносабатларини янада ривожлантириш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширишини билдирди.

Ўзбекистон ва Монако ўртасидаги дипломатик муносабатлар 2013 йил 29 ноябрда ўрнатилган.

Нодир Ғаниев Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси этиб тайинланган ва 2024 йил сентябр ойида президент Эммануэл Макронга ишонч ёрлиқларини топширган эди. Дипломат шу йилнинг май ойидан буён мамлакатнинг Португалиядаги элчиси лавозимида ҳам ишлаб келмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид