Соғлом ҳаёт | 20:58 / 09.10.2025
9428
4 дақиқада ўқилади

Такрор қайнагани – зарар: “ўлик” сувни нега ичмаслик керак?

Сув организмнинг табиий регулятори, тозаловчиси ва энергия ташувчисидир. Унинг такрор қайнатилгани ташқи томондан тиниқ кўриниши мумкин, аммо бу таркибнинг тозалигини англатмайди. Мазкур ҳолатдаги сув, одатда, кимёвий оғир, биологик пассив, энергетик жиҳатдан “ўлик” ҳисобланади. Ушбу мақолада соғлом сув қандай бўлиши, такрор қайнатилганининг хоссалари ва хавфли жиҳатлари ҳақида сўз боради.

Фото: Getty images

Ўлик сув” нима?

Олимлар “ўлик сув” атамасини метафорик маънода ишлатади. Қайта-қайта қайнаган сувда кислород ва карбонат газлари камаяди, сув молекулаларининг энергетик тузилмаси бузилади. Натижада у чанқоқни тўлиқ босмайди, ҳужайраларга кислород етказишни секинлаштиради, организмда оксидловчи стрессни кучайтиради. Бундай сув ичилганда танада бироз оғирлик, ҳолсизлик, “бўғиқ” таъм сезилиши бежиз эмас, мазкур ҳолат унинг “тирик энергияси” йўқолганидан далолат беради ва шунинг учун у "ўлик сув" деб аталади.

Оғир металларнинг яширин таъсири

Сувни бир марта қайнатиш — микроблар ва зарарли бактерияларни йўқотиш учун етарли. Аммо уни қайта-қайта иситиш натижасида таркибидаги минерал моддаларнинг табиий мувозанати бузилади. Аксарият водопровод ёки қудуқ сувлари саноат чиқиндилари, металл қувурлар орқали оқиб келади. Уларга оз миқдорда бўлса ҳам қўрғошин, мис, мишяк аралашади. Қайта қайнатиш бу моддаларнинг парчаланишига эмас, тўпланишига сабаб бўлади.

Иситиш жараёнида ичимлик сувининг бир қисми буғланади, аммо ундаги нитратлар, фтор, хлор, оғир металл ионлари (қўрғошин, мис, мишяк) сақланиб қолади. Такрор қайнатилганда мазкур моддалар концентрацияланади, яъни миқдори ортиб боради. Айниқса, нитратлар юқори ҳароратда нитрит ёки нитрозамин моддаларга айланади, бу эса кансероген, яъни саратон келтириб чиқарувчи бирикма. Соғлом ҳаёт тарзини танлаган инсон учун бу жиддий хавфдир.

Оҳакли чўкма – икки баробар хавф

Сув таркибида калций ва магний кўп бўлса, у “қаттиқ сув” деб аталади. Бундай сувни қайнатганда ундаги тузлар парчаланади ва оҳакли чўкма ҳосил бўлади. Биз чойнак ёки қозон деворида кўрадиган оқ қоплама айнан шу чўкмадир.

Мазкур чўкманинг бир қисми чойнак деворига ёпишади, лекин маълум миқдори сувнинг ўзида қолади. Ана шу қолган моддалар ичимлик билан бирга танага киради. Бундай сувни тез-тез ичиш вақт ўтиб, буйракларда калций тўпланиши ва тош ҳосил бўлиш хавфига олиб келади. Бундан ташқари, сийдик йўлларида оғриқ ёки бошқа нохуш ҳолатлар пайдо бўлиши ҳам мумкин. Буйрак ёки сийдик йўли билан боғлиқ муаммоси бор инсонлар қаттиқ сувни ичишдан сақланиши керак. Оддийроқ айтганда, чойнакда оҳак тез пайдо бўлаётган бўлса, бу сув қаттиқлигини билдиради; уни филтрдан ўтказиш ёки юмшоқроқ сув ичиш фойдалироқ.

Қаттиқ сув фақат соғлиққа эмас, балки маиший техникаларга ҳам зарар етказади. Чойнак, дазмол ёки сув илитиш идишида ҳосил бўладиган оҳак иссиқлик ўтишини қийинлаштиради, энергия сарфини оширади ва қурилмаларнинг ишлаш муддатини қисқартиради. Шу сабабли сувни қайнатишда ҳам меъёрни билиш керак. Бир марта қайнатилган тоза сув ичиш учун хавфсиз, аммо такрор қайнатилган қаттиқ сув организм ва маиший жиҳозлар учун зарарли бўлиши мумкин.

Қайнатилган сувни 24 соат ичида ичиш керак, ундан ортиқ вақт сақланган сувда:

  • кислород камаяди,
  • микроэлементлар парчаланади,
  • ҳатто бактериялар яна кўпайиши мумкин.

Бугунги кунда сифатли сув ичишнинг бир неча хавфсиз усуллари мавжуд:

  • филтрли тизимлардан фойдаланиш;
  • шишадаги табиий сувларни истеъмол қилиш;
  • қайнатилган, аммо янги совиган сувни ичиш;
  • сувни очиқ идишда эмас, балки ёпиқ шишада сақлаш.

Энг муҳими, сувни “тозалаш” билан “ўлдириш”ни адаштирмаслик керак.

Мавзуга оид