Жамият | 18:43 / 11.10.2025
11675
4 дақиқада ўқилади

Қуролсиз ҳам империяни енгиш мумкинлигини исботлаган инсон

Қуролсиз, ҳимоясиз, аммо ҳақиқат билан катта империяга қарши турди. У кимнидир мағлуб этиш учун эмас, инсонни озод қилиш учун курашди. Унинг қўлида қурол йўқ эди, вақти келиб ўзи енгиб бўлмас қудратга айланди. Босиб ўтган йўли бугунги сиёсатчилар учун ҳам сабоқ: ҳокимиятнинг қиймати зўравонликда эмас, виждон ва халқ ишончида эканини ўз ҳаёти билан исботлади у.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Бугун “5 дақиқа”да Маҳатма Гандининг “Менинг ҳаётим” асари ҳақида гаплашамиз.

* Агар ўзингни баъзи ўринларда одобсиз, тарбиясиз деб ҳис қилсанг, шунинг ўзи сенинг одобли шахс эканлигингни билдиради.

* Ожизлар кечиришни билишмайди. Кечира олиш – кучлиларга хос фазилат.

* Муҳаммад пайғамбарнинг (с.а.в) ғоят дилбар инсон эканлигини билиб, ҳайратдан ёқа ушладим.

Бу сўзлар дунёнинг бениҳоя таниқли шахси, том маънодаги етакчи даражасига эриша олган Маҳатма Гандига тегишли.

“Менинг ҳаётим” Гандининг болалик хотираларидан бошланади. Ганди ўзидаги хато ва камчиликларни яширмайди: ёшликдаги қўрқоқлик, ёлғон, ҳатто ота-онасидан яширин қилган ишларини ҳам самимият билан тилга олади. Бу очиқлик - Гандининг бутун фалсафасининг илдизи. Унингча, инсонни поклайдиган куч - ҳақиқатни тан олишдан бошланади.

Асарда у Лондондаги таҳсил йилларини, ҳуқуқшунос сифатидаги фаолиятини ва кейинчалик Жанубий Африкада ҳинд муҳожирлар ҳақ-ҳуқуқи учун олиб борган курашини баён этади. Ана шу ерда Ганди ўз ғоясини топади: зўравонликсиз қаршилик, яъни “сатьяграҳа”. Бу сўз санскритда “ҳақиқатга содиқ туриш” маъносини беради.

Дунёни ўзгартирадиган фалсафа

Бу кучсизларнинг эмас, аксинча, руҳий жиҳатдан энг кучли инсонларнинг йўли. Ганди “сатьяграҳа” фалсафаси орқали дунёга шундай таълимот бердики, у нафақат Ҳиндистонни мустақилликка етаклади, балки бутун инсониятнинг сиёсий маданиятини ўзгартирди.

У ҳар бир ҳаракатда руҳий покликни биринчи ўринга қўяди. Унга кўра, ҳақиқат йўлидаги инсон ғалаба ёки мағлубият ҳақида эмас, балки адолат ва виждон ҳақида ўйлаши керак.

Бу ғоя кейинчалик Мартин Лютер Кинг, Нелсон Мандела каби етакчилар фалсафасида ҳам ўз аксини топди. Демак, Гандининг “Менинг ҳаётим” асари фақат бир миллат учун эмас, бутун инсоният учун руҳий-сиёсий дастурдир.

Хатоларни тан олишдан қўрқманг

Ганди асарида ўқувчига ҳукм чиқармайди, балки ўзини намойиш этади. У ўз ҳаётини, хато ва пушаймонликларини, шубҳа ва изланишларини яширмай баён қилади. Бу самимият ўқувчини у билан ҳамнафас қилади.

У ҳар бир фикрни ҳаётий мисоллар билан боғлайди. Масалан, у вегетарианликни танлаши, ғазабни енгиш, соддалик ва поклик ҳақида ёзганда, буни шунчаки назарий фикр сифатида эмас, балки ўз ҳаётидаги тажриба сифатида кўрсатади.

Асарда диний мафкурадан кўра инсонийлик устувор. У ҳақиқатни фақат бир дин ёки бир миллат доирасида эмас, балки бутун башарият қадрияти сифатида кўради. Шу боис у “Мен ҳақиқатни излар эканман, мен Худони излаяпман”, дейди.

Ҳақиқат билан яшаш - ҳақиқатни айтишдан баланд туради

Асар инсонни ички озодликка чақирaди - яъни нафс, қўрқув ва манфаат устидан ғалаба қозонишга. Ганди учун ҳақиқат - бу ҳақиқатни айтиш эмас, ҳақиқат бўлиб яшаш. Буни у ҳаётида исботлади: кийинишдан тортиб, овқатланишгача, сиёсий қарорларидан то шахсий муносабатларигача - ҳамма нарсада бир хиллик ва ростгўйликни сақлади.

Унинг йўли - тўғрилик ва сабр йўли. Асар бизга шуни ўргатади: инсоннинг энг катта ғалабаси - у бошқаларни эмас, ўз нафсини енгганда бўлади.

Ушбу китобни қуйидаги ҳавола орқали юклаб олиб, тўлиқ аудио шаклда эшитишингиз мумкин.

Исомиддин Пўлатов

Мавзуга оид