Жаҳон | 14:15 / 13.10.2025
1661
2 дақиқада ўқилади

ГФР вазири: ЕИдаги кўпчилик РФ активларининг Киевга ўтказилишини қўллаб-қувватлайди

Германия вице-канцлери Ларс Клингбайлнинг таъкидлашича, Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларнинг кўпчилиги Россиянинг музлатилган активларидан Украинани ёрдам билан таъминлаш учун фойдаланишни маъқулламоқда. Шу билан бирга, у АҚШ, Хитой ва Ҳиндистонни Москвага нисбатан босимни кучайтиришга чақирган.

Ларс Клингбайл Фото: Carsten Koall/dpa/picture alliance

Музлатилган Россия активларининг Украинага ўтказилиши Европа Иттифоқи доирасида тобора кўпроқ муҳокама қилинмоқда ва кўпчилик давлатлар бунга рози. Бу ҳақда Германия вице-канцлери ва молия вазири Ларс Клингбайл 12 октябр, якшанба куни Германиянинг ARD телеканалига берган интервюсида айтиб ўтди.

«Гап бу пулни ўзимиз олишимиз ҳақида кетмаяпти. Лекин бу пул билан биз Украина учун кредитлар яратмоқдамиз. Биз Украинани Россия агрессиясига қарши олиб бориши керак бўлган курашда қўллаб-қувватламоқчимиз. Буни Европа Иттифоқи доирасида муҳокама қилмоқдамиз. Лекин кўпчилик буни хоҳлаётгани аллақачон аён бўлди», — дейди Клингбайл.

У бундай ечим учун «умумий йўл» бўйича келишиб олиш зарурлигини таъкидлади ва Европа Иттифоқини «америкаликлар ҳам қўллаб-қувватлаётганини» таъкидлади. «Узоқ вақт давомида АҚШ нима қилиши ва бу Белгия маблағлари учун нимани англатиши номаълум эди. Улар (белгияликлар): эҳтиёт бўлиш керак, пулни қайтаришга тўғри келиши мумкин ва бу Белгия бюджети учун нимани англатади? Ҳозирда биз бу қадамларни қўймоқдамиз, аммо ишончим комилки, келгуси ҳафталарда оқилона ечим топамиз», деб ишонтирди Германия молия вазири.

Вазирнинг қўшимча қилишича, Европа Иттифоқи ва АҚШ «Путинга босимни кучайтиришга ҳаракат қилиш жараёни»ни олиб бормоқда. Масалан, музлатилган Россия активларидан фаолроқ фойдаланиш ва «Россияга савдо босими» муҳокама қилинмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид