Жамият | 14:29 / 13.10.2025
21237
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги мактабда 4-синф ўқувчилари синфдош қизни калтаклади

Жабрланувчининг онаси ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилиб, қизининг мактабдаги хавфсизлиги таъминланмаётгани, мактабдан ҳайдалиши айтилган бўлса-да, безори болалар дарсларга қатнашда давом этаётганидан шикоят қилган. Вазирлик ушбу ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги мактаблардан бирида ўқувчи қиз бошқа болалар томонидан ҳужумга учрагани акс этган видео тарқалди.

Кадрларда болалар синфдош қизни тўртинчи қаватдан биринчи қаватгача қувиб тушишгани ва уни ўраб олиб, кетишга қўймаётгани, улардан бири кўкрак соҳасига тепганидан кейин қиз букчайиб ўтириб қолгани акс этган. 

Жабрланувчи қизнинг онаси ўзининг инстаграм саҳифасида безори ўқувчиларнинг ота-онасига чора кўрилмаётгани, ўқувчилар мактабга қатнашда давом этаётгани ва қизининг хавфсизлиги таъминланмагани ҳақида видео жойлаштирди. У аввалига мактаб раҳбарияти безори ўқувчилар мактабдан ҳайдалишини ваъда бергани, аммо икки ҳафта ўтганидан кейин улар қайтариб олинганини айтган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бу видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалгач, ҳолат юзасидан муносабат билдирди. Маълум бўлишича, бу воқеа 20 сентябр куни Тошкент шаҳри Сергели туманидаги 300-умумтаълим мактабининг 4-синф ўқувчилари иштирокида содир бўлган.

«Мактабнинг 4-синф ўқувчиси И.А ва синфдош ўғил болалар ўртасида дарсдан сўнг даҳанаки низо ортидан жанжал келиб чиққан. Мактаб маъмурияти бу ҳолат юзасидан ҳудуд профилактика инспектори ва мактабга бириктирилган инспектор психологларга хабар берган.

Ўрганиш натижаларига кўра, И.А билан жанжаллашган ўқувчилар И.А. ва Э.Ж.нинг ота-онаси МЖтКнинг 47-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилган.

Шунингдек, бу каби ҳолатларга қайта йўл қўймаслик мақсадида ота-оналар билан йиғилиш ўтказилиб, тушунтириш ишлари олиб борилди ҳамда мактаб директори ва масъулларга интизомий чора кўрилди», – дейилади Тошкент шаҳар ММТБ хабарида.

Хабарда масъулларга айнан қандай чора кўрилгани ҳақида гап йўқ, шунингдек, безори ўқувчилар мактабдан ҳайдалиши борасида аниқлик киритилмаган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид