Жаҳон | 13:53 / 14.10.2025
1993
2 дақиқада ўқилади

Германия ташқи ишлар вазири Трампни Путинга босимни кучайтиришга чақирди

Йоханн Вадефулнинг сўзларига кўра, Германия АҚШ президентини Россия ва Украина ўртасидаги музокараларга эришиш учун саъй-ҳаракатларни давом эттиришга чақирмоқда. Германия канцлери Фридрих Мерц вазиятни Доналд Трамп билан муҳокама қилишини айтди.

Йоханн Вадефул Фото: Liesa Johannssen / Reuters

Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул АҚШ президенти Доналд Трампни Ғазо секторида воситачилик қилишдаги муваффақиятидан сўнг Россия президенти Владимир Путинга Россиянинг Украинадаги урушини тугатиш учун босимни кучайтиришга чақирди. Бу ҳақда Германия ташқи ишлар вазири 13 октябр, душанба куни болгариялик ҳамкасби Георг Георгиев билан Софияда бўлиб ўтган учрашувда маълум қилди.

Вадефулнинг сўзларига кўра, Трамп «Ғазо сектори бўйича ушбу келишувга эришишга ҳал қилувчи ҳисса қўшган». «Германия эса уни (Оқ уй раҳбари) энди Россия ва Украина ўртасидаги музокараларга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини давом эттиришга чақиради», — дея вазирнинг сўзларидан иқтибос келтирган dpa ахборот агентлиги.

Берлин «Америка маъмуриятига катта умид боғлайди, чунки президент Трамп дунёнинг турли бурчакларида тинчлик битимлари тузишдан манфаатдор эканлигини ишончли тарзда намойиш этди», деди Йоханн Вадефул. Унинг фикрича, «ҳарбий ҳаракатлар яна кенгроқ миқёсда авж олишидан олдин, ҳозир Украинада янги ютуқ қилиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошириш керак».

Георгиев, ўз навбатида, Қора денгиз Украина билан чегарадош ҳудуд бўлиб, у ерда уруш кетаётганини эслатди. «Бизнинг мақсадимиз Қора денгизнинг НАТО ва Европа Иттифоқи кун тартибида тобора муҳим ўрин эгаллашини таъминлашдир», деди у. Болгария минтақада барқарорликни сақлашдан жуда манфаатдор, дея қўшимча қилди вазир.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид