Жаҳон | 10:20 / 15.10.2025
7838
2 дақиқада ўқилади

Покистон ва Афғонистон чегарасида - янги тўқнашувлар

Покистон давлат матбуоти афғон аскарларини чегара ҳудудида «ўт очишда» айблади. Покистон қўшинлари афғон танклари ва ҳарбий постларига зарар етказди, деб хабар берди телевидение.

Фото: Sanaullah Seiam/AFP

14 октябр, сешанба куни олис чегара ҳудудида Покистон ва афғон кучлари ўртасида янги тўқнашувлар юз берди, деб хабар бермоқда AP. Покистон давлат матбуоти афғон аскарларини «ўт очишда» айблади, бироқ ҳужум қайтарилди.

Покистон телевидениеси ва икки хавфсизлик вакилига кўра, Покистон кучлари бунга жавобан афғон танклари ва ҳарбий постларига зарар етказган. Афғонистон шарқидаги Хост вилояти полицияси матбуот котиби ўринбосари Тоҳир Аҳрар тўқнашувларни тасдиқлади, аммо қўшимча маълумот бермади.

Икки томон бир ҳафта ичида иккинчи марта трансчегаравий отишма билан алмашди.

Покистон манбаларига кўра, 11 октябр куни кечқурун афғон кучлари Покистон-Афғонистон чегарасининг бир неча нуқталарида ўт очган. Улар орасида Покистоннинг шимоли-ғарбидаги Хайбер-Пахтунхва вилоятидаги Читрал шаҳри ва Афғонистоннинг Балужистондаги Баҳрамча шаҳарлари бор эди. Dpa маълумотларига кўра, Покистон оғир артиллерия, танклар, учувчисиз учоқлар, шунингдек, қирувчи самолётлар билан жавоб қайтарган.

Исломободдаги хавфсизлик манбаларининг таъкидлашича, Ҳиндистон билан шарқий чегарада ҳам Ню-Деҳлининг кескинлашувда иштирок этиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар туфайли кучайтирилган огоҳлантириш ҳолати эълон қилинган.

Покистон ҳарбийлари 11 октябрдан бери шай ҳолатга келтирилди. Тўқнашувлар Саудия Арабистони ва Қатар қўнғироқлари ортидан 12 октябрда вақтинчалик тўхтаган бўлса-да, Покистон ва Афғонистон ўртасидаги барча чегара пунктлари ёпиқлигича қолмоқда.

Кобулдаги ҳукмрон "Толибон" ҳаракати вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳиднинг маълум қилишича, Афғонистон ҳудуди ва ҳаво кенгликлари бир неча бор бузилгани туфайли қайтилган жавобда 58 нафар Покистон аскари ҳалок бўлганини билдирди. Покистон армияси 23 аскарини йўқотгани ва 200 дан ортиқ «толиблар ва уларга алоқадор шахслар»ни ўлдирганини даъво қилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид