Жаҳон | 19:36 / 15.10.2025
8308
2 дақиқада ўқилади

Трамп BRICS тугаётганини эълон қилди

Оқ уй раҳбари BRICS аъзоларига қўшимча божлар билан таҳдид қилганидан сўнг, улар бу ташкилотни тарк этаётганини айтди.

Фото: Reuters

BRICS аъзолари АҚШ ушбу давлатларнинг барча маҳсулотларга бож жорий этиш таҳдидидан сўнг бирлашмадан чиқа бошлади. Бу ҳақда АҚШ президенти Доналд Трамп маълум қилди.

«Мен BRICS ташкилотига қўшилмоқчи бўлганларнинг барчасига бу яхши эканини айтдим, аммо биз мамлакатингизга божлар жорий қилмоқчимиз, дедим. Шунда ҳамма чиқиб кета бошлади. Уларнинг барчаси BRICS ташкилотини тарк этмоқда. BRICS долларга ҳужум эди. Шунда мен: «Бу ўйинни ўйнашни хоҳлайсизми? Мен барча маҳсулотларингизга бож жорий қиламан», дедим. Улар, айтганимдек, «BRICS ташкилотидан чиқамиз», деди. BRICS эса, афтидан, бу ҳақда бошқа гапирмаяпти ҳам», деди Трамп Оқ уйда Аргентина президенти Хавиер Милей билан учрашувда.

Июл ойи бошида Трамп BRICS ташкилотининг «Америкага қарши сиёсатини» қўллаб-қувватловчи ҳар қандай давлатга нисбатан 10 фоиз миқдорида қўшимча савдо божлари жорий этилишини айтган эди.

BRICS дастлаб бешта давлат: Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка бирлашмаси эди. 2024 йилдан бошлаб бирлашмага таъсисчи давлатлардан ташқари Миср, БАА, Эфиопия, Эрон, 2025 йил январидан эса Индонезия ҳам қўшилди. Беларус, Боливия, Куба, Қозоғистон, Малайзия, Нигерия, Таиланд, Уганда, Ўзбекистон ва Ветнам ташкилот билан шериклик мақомида ҳамкорлик қилмоқда.

BRICS ёки унга аъзо давлатлар ташкилотни тарк этаётгани ҳақида расман эълон қилмади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид