Жаҳон | 18:52 / 16.10.2025
2309
3 дақиқада ўқилади

Ҳар йили дунё йўлларида 1,2 миллион киши ҳалок бўляпти – БМТ

Таъкидланишича, йўл-транспорт ҳодисалари дунёдаги ўлимнинг саккизинчи сабаби ва беш ёшдан ошган болалар ва ёшлар ўлимининг асосий сабабидир. Айниқса, кам ва ўрта даромадли мамлакатларда муаммо кескин бўлиб, уларда йўллардаги барча ўлимларнинг 90 фоизи содир бўлади.

Фото: UNICEF

Ҳар йили дунё йўлларида 1,2 миллион киши ҳалок бўляпти, яна 50 миллионга яқини жароҳат олмоқда. Бу шунчаки статистика эмас, улар мактабга бораётган болалар, ишга кетаётган ота-оналар, ҳаёти бир зумда барбод бўлаётган одамлардир. Бу ҳақда БМТ бош котиби ёрдамчиси Навид Ҳаниф бош қароргоҳда бўлиб ўтган юқори даражадаги тадбирда эълон қилди.

Таъкидланишича, йўл-транспорт ҳодисалари дунёдаги ўлимнинг саккизинчи сабаби ва беш ёшдан ошган болалар ва ёшлар ўлимининг асосий сабабидир. Айниқса, кам ва ўрта даромадли мамлакатларда муаммо кескин бўлиб, уларда йўллардаги барча ўлимларнинг 90 фоизи содир бўлади. Қурбонлар кўпинча пиёдалар, велосипедчилар, мотоциклчилар ва болалар - хавфсиз транспорт ва йўл инфратузилмасидан фойдалана олмайдиганлардир.

БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг таъкидлашича, ечимлар аллақачон мавжуд: яхшиланган шаҳарсозлик ва хавфсиз жамоат транспортидан тортиб, дубулға ва хавфсизлик камарларидан мажбурий фойдаланиш, тезликни назорат қилиш ва самарали фавқулодда протоколларгача – бу чоралар минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга қодир.

Қайд қилинишича, БМТ йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаол қўллаб-қувватламоқда: 94 мамлакат аллақачон ёрдам олган. Бразилияда тезликни бошқариш протоколларининг жорий этилиши ўлим ҳолатларини камайтирди, Руандада дубулғалар тўғрисидаги қонунлар мотоциклчиларни ҳар куни ҳимоя қилади, Лаосда эса янги лицензиялаш тизими ҳайдовчилар хавфсизлигини оширади.

Барқарор транспорт ўн йиллиги бошланиши арафасида БМТ хайрия ташкилотлари асосий рол ўйнаши керак бўлган янги ҳамкорликни яратишга чақирди.

«Сизнинг содиқлигингиз полиомиелит, сил, очлик ва оналар ўлимини енгишга ёрдам берди. Энди у йўллардаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни ўзгартириши мумкин», деди Антониу Гутерриш.

Бош котиб сўзларига кўра, йўл ҳаракати хавфсизлиги нафақат соғлиқни сақлаш, балки ривожланиш, шаҳарсозлик ва иқлим ҳаракатлари масаласидир.

«Биргаликда биз миллионлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишимиз ва йўлларда яшил хавфсизлик чироғини ёқишимиз мумкин», деб хулоса қилди у.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид