Жаҳон | 22:18 / 18.10.2025
2376
3 дақиқада ўқилади

Миср Ғазодаги халқаро барқарорлаштириш кучларига раҳбарлик қилиши мумкин

Бу миссияга номзодлар сифатида Туркия, Озарбойжон ва Индонезия ҳам тилга олинмоқда.

Фото: Anadolu/Getty Images

Тинчлик режасига кўра Ғазо секторига кейинроқ жойлаштириладиган халқаро барқарорлаштириш кучларига, эҳтимол, Миср бошчилик қилади, деб хабар берди The Guardian газетаси.

«Дипломатлар БМТ Хавфсизлик Кенгашида Ғазода жойлаштиришни режалаштираётган халқаро барқарорлаштириш кучларига у ердаги хавфсизликни назорат қилиш ҳуқуқини бериш бўйича европаликлар ва АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган ташаббус устида иш олиб борилаётганини айтди. Миср бу кучларга етакчилик қилишига жиддий асослар бор», дейилади нашрда.

Бу миссияга номзодлар сифатида Туркия, Озарбойжон ва Индонезия ҳам тилга олинмоқда. Контингентда Британия ва Европанинг бошқа давлатлари ҳарбийлари иштирок этиши кутилмаяпти.

Айни пайтда Миср ҳукумати БМТнинг анклавдаги тўлақонли операцияси ҳақида гап борадими ёки йўқлиги ҳақида маслаҳатлашмоқда. Агар контингент вазиятни барқарорлаштиришда самарали бўлса, Исроил қўшинлари янада узоқроққа чекинади.

Шу билан бирга, британиялик дипломатларнинг фикрича, ҲАМАСнинг қуролдан воз кечиши энг қийин масала бўлади. Тахминларга кўра, уларнинг топширилиши фаластинликлар бошқарувидаги тузилмага, аммо учинчи томон назорати остида амалга оширилиши мумкин. Қуролсизланиш ҲАМАСнинг оғир қуроллари ва ракета қурилмаларини топширишидан бошланиши мумкин.

Axios портали ўз манбаларига таяниб, АҚШ президентининг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф тез орада Миср ва Исроилга ташриф буюриши ва Ғазо секторига бориши мумкинлигини маълум қилди. Уиткофф, афтидан, Америка лойиҳасига кўра, Ғазо ҳудудининг бир қисмига жойлаштириладиган ва Исроил мудофаа кучларига анклавдан чиқиб кетиш имконини берадиган халқаро барқарорлаштириш кучлари масаласи устида ишлайди.

Бунгача Axios ушбу кучлар араб ва мусулмон давлатлари қўшинларидан шакллантирилиши ва улар Исроил бўлинмалари чиқиб кетаётган сектор ҳудудларини эгаллаши ҳақида хабар берган эди. Жараён бир неча ой давом этиши мумкин. Портал манбаларига кўра, бу қўшинлар ҲАМАСнинг ҳарбий объектлари ва оғир қуролларини йўқ қилиши керак.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид