Ўзбекистон | 15:15 / 20.10.2025
912
4 дақиқада ўқилади

Ҳар бир туманда намунали ҳудудлар ташкил этиш режалаштириляпти

Президентнинг "Айрим туман (шаҳар) ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. 

Фото: Kun.uz

Ҳужжат билан "Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)" мақомини олган ҳолда аҳолининг  яшаши ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун намунали ҳудудларга айлантириладиган туманлар (шаҳарлар) рўйхати тасдиқланди.

"Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)" лойиҳаси доирасида ҳар йили:

  • мавжуд хомашё захираларидан тўлиқ фойдаланган ҳолда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш ва саноат зоналари қувватларини кенгайтириш ҳисобига саноатнинг жорий ўсиш суръатларига нисбатан камида 2-3 фоиз ўсиш таъминланади;
  • камида 50 млн АҚШ доллари эквивалентидаги инвестицияларни жалб қилган ҳолда озиқ-овқат, мебелсозлик, қурилиш материаллари, тикувчилик ва бошқа ихтисослаштирилган йўналишларда камида 10 тадан йирик инвестиция лойиҳалари ишга туширилади;
  • илгари ўз маҳсулотлари билан ташқи бозорларга чиқмаган камида 3-5 та корхона экспорт фаолиятига жалб этилади;
  • хорижий давлатлардан технолог, маркетолог, бренд-менежер каби мутахассисларни жалб қилган ҳолда камида битта корхонада миллий бренд маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади;
  • 10 нафардан тадбиркорлар тажриба алмашиш учун хорижий давлатларда ўтказиладиган ихтисослаштирилган саноат кўргазмаларига юборилади.

"Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)" мақоми берилган туман (шаҳар)ларда:

  • 2026 йил 1 январдан бошлаб барча давлат идоралари ва ижтимоий соҳа муассасалари бинолари фақат энергия самарадорлиги тамойиллари асосида қурилади ва модернизация қилинади;
  • 2027 йил 1 январга қадар давлат идоралари, давлат иштирокидаги корхоналар ва ижтимоий соҳа муассасалари энергия тежамкор ускуналар билан тўлиқ жиҳозланади;
  • 2026 йил 1 мартдан бошлаб "Энергия истеъмоли нолга тенг бинолар" концепцияси асосида ижтимоий соҳа муассасаларининг биттадан биносини модернизация қилиш бўйича тажриба-синов лойиҳалари ишга туширилади.

2026 йилда 7 трлн сўмдан ортиқ маблағлар ажратилади, шу жумладан:

  • "Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)" мақоми берилган ҳар бир туман (шаҳар)ни ривожлантириш учун республика бюджетидан 100 млрд сўмдан, жами 2,3 трлн сўм;
  • Янги Ўзбекистон қиёфасидаги ҳар бир маҳаллани ривожлантириш учун республика бюджетидан 5 млрд сўмдан, жами 1,7 трлн сўм;
  • Ислом тараққиёт банкининг "Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш" ва Жаҳон банкининг "Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш" лойиҳалари доирасида "Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)" мақоми берилган туман (шаҳар) ларни ривожлантиришга 100 млн АҚШ доллари йўналтирилади;
  • Ҳудудларда иқтисодий ўсишга туртки берадиган драйвер лойиҳаларни амалга ошириш учун республика бюджетидан 2 трлн сўм йўналтирилади.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари "Ислоҳотлар штаби" билан биргаликда:

  • бир ой муддатда ҳар бир туман (шаҳар) ва ҳар бир маҳаллани Янги Ўзбекистон қиёфасида комплекс ривожлантириш бўйича тасдиқланган йўналишлар асосида "Ривожланиш ва етакчилик макони" дастурини тасдиқлайди;
  • 2025 йил 15 декабрга қадар аҳоли ва тадбиркорларнинг таклиф ва лойиҳалари асосида Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла марказининг бош режасини ишлаб чиқди ва тасдиқлайди.
  • 2026 йил 1 февралга қадар дастурга киритилган объектларнинг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқади;
  • 2026 йил 1 мартдан бошлаб тасдиқланган лойиҳаларга мувофиқ қурилиш ишларини бошлаш;
  • 2026 йил 1 декабрга қадар дастурга киритилган объектларнинг ишга туширилишини таъминлайди.
Тайёрлаган:  Отабек Матназаров