Жаҳон | 12:37 / 21.10.2025
2543
2 дақиқада ўқилади

Bloomberg: АҚШ ЕИнинг Россия активларидан фойдаланиш режасига қарши

АҚШ Европа Иттифоқининг Россиянинг музлатилган активларидан Украинага ёрдам бериш учун фойдаланиш ҳақидаги таклифини потенциал хавфлар туфайли рад этди, деб ёзади Bloomberg.

Фото: Michael Kappeler/dpa/picture alliance

20 октябр, душанба куни Bloomberg агентлиги манбаларга таяниб ёзишича, АҚШ Европа Иттифоқи томонидан таклиф этилган «Катта еттилик» (G7) давлатлари томонидан музлатилган Россия активларидан Украинани қўллаб-қувватлаш учун фойдаланишни кенгайтириш режасига қарши.

Bloomberg манбаларига кўра, АҚШ расмийлари ўтган ҳафта Вашингтонда бўлиб ўтган музокаралар чоғида европалик ҳамкасбларига ҳозирча бу ташаббусга қўшилмаслигини маълум қилган. Bloomberg манбаларидан бири АҚШ иштирок этишни истамаслигини бозор барқарорлигига хавф туғдириш билан изоҳлади. Яна бирининг таъкидлашича, бу босқичда АҚШ ҳеч қандай мажбуриятларни олмаган.

Жорий йилнинг сентябр ойида АҚШ молия вазири Скотт Бессент Вашингтон АҚШда музлатилган Россия активларидан тахминан 5 миллиард долларидан фойдаланишга тайёрлигини айтди. Шу билан бирга, у мамлакат уларни мусодара қилишга рухсат берувчи резолюция қабул қилганини таъкидлади. «Катта еттилик» доирасида Буюк Британия ва Канада Европа ташаббусини қўллаб-қувватлайди, Япония эса АҚШ томонида бўлиб, эҳтиёткорроқ позицияни эгаллайди, деб таъкидлайди Bloomberg.

ЕИ маълумотларига кўра, Россия Марказий банкининг Европада музлатилган активлари Украинага умумий қиймати 140 миллиард евро бўлган фоизсиз кредитлар бериш учун ишлатилиши мумкин. Ушбу кредитлар фақат ҳарбий таъминотни молиялаштириш учун ишлатилиши керак.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид