Жаҳон | 09:50 / 23.10.2025
4560
4 дақиқада ўқилади

Челябинск яқинидаги заводда портлаш: камида тўққиз киши ҳалок бўлди

Челябинск вилоятининг Копейск шаҳридаги корхоналардан бирида рўй берган портлаш натижасида камида тўққиз киши ҳалок бўлди, беш киши яраланди, деб хабар берди губернатор. У «дрон зарба берган» деган версия тасдиқланмаганини таъкидлади. Маълумотларга кўра, завод қурол-яроғ ва ўқ-дорилар ишлаб чиқаради.

Фото: Telegram / exilenova_plus

Чоршанбага ўтар кечаси, 23 октябр куни Копейск шаҳридаги «корхоналаридан бири»да содир бўлган портлаш натижасида камида тўққиз киши ҳалок бўлгани ва беш киши яралангани ҳақида Челябинск вилояти губернатори Алексей Текслер ўзининг Telegram-каналида хабар қилди. «Ҳозирча 9 кишининг ҳалок бўлгани тасдиқланди. Беш киши жароҳат олган, шифокорларимиз уларнинг аҳволини барқарорлаштириш учун бор имкониятини ишга солмоқда. Бедарак йўқолганлар бўйича маълумотни аниқлаштиряпмиз», — дейилади унинг хабарида.

Ҳудуд раҳбари корхонада портлаш содир бўлгани ҳақидаги илк хабарни ўтган куни кечқурун берган эди. «Ҳозирги вақтда дрон келиб зарба бергани версияси тасдиқланмаган», — деган у ўзининг биринчи хабарида, кейинги маълумотларида ҳам корхона номини очиқламади ва «дрон зарба бергани» версиясини на тасдиқлади, на рад этди.

Гувоҳларнинг айтишича, портлаш Копейскдаги «Пластмасс» заводи ҳудудида содир бўлган, у ерда қурол-яроғ ва ўқ-дорилар ишлаб чиқарилади, деб ёзади Astra нашри. Маҳаллий фуқаролардан бири учта дрон келгани ҳақида гапирган. Astra’нинг маълум қилишича, портлашдан кейин корхона ҳудудида дрон ҳужуми хавфи эълон қилинган. Telegram’даги «112» канали маълумотига кўра, портлаш пайтида навбатчиликда 15 киши бўлган.

Украин OSINT-лойиҳаси Exilenova+ ҳам «Пластмасс» заводидаги ёнғиннинг видеосини эълон қилди. Лойиҳа хабарида: «Корхонанинг профили ва маҳсулот хусусияти кеча ишдан чиқарилган Брянск вилоятидаги кимё заводини жуда эслатади. Иккаласи ҳам Россия ҳарбий-саноат комплекси элементлари: портловчи моддалар, ўқ-дорилар ва Украинага қарши ҳарбий операцияларни бевосита қўллаб-қувватловчи технологиялар билан ишлайди», — дейилган маълумотда.

Хабар эълон қилинган вақтда Украина Бош штаби ҳам, Россия Мудофаа вазирлиги ҳам воқеа бўйича изоҳ бермади.

Ўтган ҳафтада Башқирдистоннинг иккинчи йирик шаҳри — Стерлитамакда портловчи моддалар ишлаб чиқарадиган «Авангард» корхонасида содир бўлган портлаш натижасида уч киши ҳалок бўлди ва беш киши яраланди, деб хабар берган эди ҳудуд раҳбари Радий Ҳабиров 18 октябр куни.

Ўшанда губернатор корхонага дронлар ҳужуми қилингани ҳақидаги версияларни рад этган. «Бу дрон ҳужуми бўлгани ҳақида турли фикрлар айтилди. Йўқ, портлаш содир бўлди, унинг сабабларини ҳозир криминалистлар ўрганмоқда», — деди Ҳабиров ва «корхона мамлакат учун ниҳоятда зарур ва талаб юқори бўлган маҳсулотни ишлаб чиқаришни давом эттиради», деб ваъда берди.

«Авангард» «Ростех» корпорацияси таркибига киради. У қурол-яроғ ва ўқ-дорилар ишлаб чиқаради, шунингдек, у ерда қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникани утилизация қилиш ишлари амалга оширилади.

Украина Қуролли кучлари Бош штаби 21 октябр кечқурун Брянск кимё заводига зарба берганини хабар қилди. «Қўшма — ракета ва авиация — ҳужуми доирасида ҳаводан учириладиган Storm Shadow ракеталари ҳам қўлланди, улар Россиянинг ҳаво мудофаа тизимини четлаб ўтди», — дейилган УҚК Бош штаби баёнотида.

Маълумотларга кўра, Брянск кимё заводи «тажовузкор давлат ҳарбий-саноат мажмуасининг муҳим бўғини» бўлиб, унда порох, портловчи моддалар ва ракета ёнилғиси компонентлари, «жумладан Украина ҳудудида қўлланадиган ўқ-дорилар ва ракеталар» ишлаб чиқарилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид