Жаҳон | 09:22 / 23.10.2025
3013
7 дақиқада ўқилади

ЕИ саммити: иттифоқчилар Украина атрофида бирлашмоқда

Саммитда Украина президенти Володимир Зеленский иштирокида ЕИ мамлакатлари етакчилари Киевга РФнинг музлатилган активларини топшириш режасини, шунингдек, келгуси музокараларда мамлакатга зарур қўллаб-қувватлашни муҳокама қилиши керак.

Фото: Nicolas Economou/NurPhoto/picture alliance

Пайшанба, 23 октябр куни Брюсселда Европа Иттифоқининг энг олий органи — Европа Кенгаши мажлиси бўлиб ўтади. Унинг раиси Антониу Кошта Украина президенти Володимир Зеленскийни таклиф этган, у саммитнинг биринчи қисмида шахсан иштирок этади. У ЕИ мамлакатлари етакчилари олдида чиқиш қилиб, мамлакатдаги вазиятни, Россия ҳужумлари кучайиб бораётган шароитда украиналикларнинг эҳтиёжларини ва Украинада тинчликка эришиш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатларни муҳокама қилади.

Шундан сўнг Украинага доир мавзулар Зеленскийсиз давом этади. ЕИ давлат ва ҳукумат раҳбарлари кун тартибида Россияга нисбатан 19-пакет санкцияларни маъқуллаш, ЕИда музлатилган рус активлари ҳисобидан Украинага репарация кредити ажратишга принципиал розилик, оташкесим ҳақидаги келгуси музокараларда Киевни дипломатик қўллаб-қувватлаш ва хавфсизлик кафолатлари масалалари бор.

АҚШ президенти Доналд Трампнинг Владимир Путин билан учрашуви номаълум муддатга кечиктирилганини ҳисобга олган ҳолда ҳам, Украина ва унинг иттифоқчилари кейинги қадамларга тайёргарлик кўришга интилмоқда.

Саммит арафасида кўплаб дипломатлар Украинага максимал қўллаб-қувватлаш кўрсатиш нияти ҳақида гапириб, президент Зеленский исталган музокараларда «ўзини хотиржам ҳис қилиши» учун шарт-шароит яратиш лозимлигини таъкидлади. Бундан ташқари, ЕИ мамлакатларининг позицияси Украина ҳудудий яхлитлиги масаласида ўзгармас: муҳокама қилиб бўлмайдиган нуқталар бор, дейди улар.

«Биз ушбу мавзулар бўйича етакчилардан директивалар олишни мақсад қилганмиз», — деди Брюсселдаги брифингда ЕИнинг юқори лавозимли амалдорларидан бири. Маълумки, Словакия охирги пайтгача 19-санкциялар пакетини маъқуллашдан бош тортган, Белгия эса ўзида сақланаётган РФнинг музлатилган активларидан фойдаланиш билан боғлиқ эҳтимолий хатарлардан ҳали ҳам хавотирда.

Шунга қарамай, Брюсселдаги дипломат ва амалдорлар бу қийин қарорлар барибир қабул қилинишини кутмоқда. Шунингдек, уларнинг оптимизми Украинага оид барча ташаббусларни блоклаб келаётган Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг муҳокамада йўқлиги билан боғлиқ эмас.

Европа Кенгаши қоидаларига кўра, агар унинг аъзоси мажлисда ҳозир бўлмаса, ундан кимдир вакиллик қилиши керак. Орбан Венгриядаги Республика куни муносабати билан кечикиб, «Украина блоки»ни ўтказиб юборади, шу сабаб у ўз овозини словакиялик ҳамкасби Роберт Фицога топширган. Фицо эса ушбу овоздан Орбан кўрсатмасига мувофиқ фойдаланиши шарт.

Демак, бу — Орбан Еврокенгаш йиғилишларидан бирида «қаҳвага чиқиб кетган» вазиятдан фарқ қилади: ўшанда у расман мажлисда ҳозир бўлган ва консенсусни бузмаган ҳолда фақат овоз беришдан тийилган эди. Ўша куни сўз Украина билан ЕИга аъзо бўлиш музокараларини очиш ҳақида бораётганди, кейинчалик Орбан бу жараённи яна тўсиб қўйди.

Шундай экан, Брюссел дипломатик доираларидаги кулис ортидаги ўйинларга қарамай, Орбан йўқлигидан фойдаланиб Украина билан ЕИга аъзо бўлиш музокараларининг барча бўлимларини очиб юбориш — «фантастика соҳаси»дан.

ЕИ етакчилари Украинага РФнинг музлатилган активлари ҳисобидан репарация кредити бериш масаласини муҳокама қилади. Октябр бошида Еврокомиссия ушбу маблағларни Киевга мусодара жараёнига мурожаат қилмасдан — тахминан 140 млрд евро — етказиш бўйича техник таклифни тақдим этган эди. Саммитда ушбу таклифнинг деталлари бўйича қарор қабул қилинмайди, аммо сиёсий тушунишга эришиш ва ҳаракатлар йўналишини белгилаш кутилмоқда.

Еврокомиссия Белгиядаги Euroclear депозитарийида нақд кўринишида сақланаётган музлатилган активларни ЕИнинг қарз инструментларига жойлаштиришни таклиф қилмоқда. «Бу махсус қарз шартномаси бўлади, — деб тушунтирган эди Еврокомиссия амалдори. — ЕИ ушбу пулларни Украинага чекланган қайтариш ҳуқуқи билан кредит бериш учун ишлатади, бу эса ушбу ҳолатда Украина кредитни фақат Россия ҳарбий репарацияларни тўлаганидан кейингина қайтариши кераклигини англатади. Шу билан бирга, Россиянинг Euroclear’га нисбатан даъвогарлик ҳуқуқи сақланиб қолади — бу жуда муҳим. Шундай қилиб, рус активларининг бир қисми бўйича, аслида, ҳеч нарса ўзгармайди: Россиянинг қарзи аввалги даражада қолади».

ЕИда айтилишича, Еврокомиссиянинг техник ишларисиз мамлакатлар ушбу ёндашувни муҳокама қилишни ҳам бошлай олмаган бўлар эди. ЕИ саммити натижаларидан бири сифатида Еврокомиссияга расмий мандат берилиши кутилмоқда, унга асосан комиссия мамлакатлар айтган мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда ўз таклифини ишлаб чиқишни давом эттиради.

РФнинг музлатилган активларига нисбатан янги ёндашув сабаб Белгияда жиддий хавотирлар, бошқа давлатларда эса кўплаб саволлар юзага келди. Масалан, Белгияга бошқа ЕИ давлатлари қандай кафолатлар бериши керак, уларнинг ҳажми қандай аниқланади, маблағлар қаерга йўналтирилади, Украина улардан қай даражада эркин фойдалана олади? Агар Белгия учун кафолатлар ЕИ аъзо давлатлари бюджетидан таъминланадиган бўлса, Еврокомиссия уларни ҳар қандай маблағ йўқотилиши хавфидан сақлайдиган мустаҳкам ҳуқуқий асос ишлаб чиқиши лозим.

Дипломатлар айтишича, Белгия ҳуқуқий кафолатларни таъминлаш ва суд даъволарининг олдини олиш учун Еврокомиссия билан техник ишларни давом эттирмоқда, барча ЕИ мамлакатлари Белгияни ҳимоя қилиш, яъни рискларни у билан бўлишиш зарурлигига рози. Идеалда ЕИнинг мақсади — Украинага кредит тўловларини 2025 йил охири — 2026 йил бошигача йўлга қўйиш.

Россияга нисбатан 19-пакет санкциялар борасидаги якуний матн саммит арафасида ЕИ мамлакатлари томонидан маъқулланди — Словакия ўз эътирозларини қайтариб олганидан сўнг. Санкцияларни қабул қилиш учун якдил қарор талаб қилинади, шунинг учун қатор давлатлар ва Еврокомиссия Братислава билан икки томонлама музокаралар ўтказди.

Маълумки, янги пакет, жумладан, 2027 йил январдан Россиядан суюлтирилган табиий газ (LNG) импорт қилишни тақиқлаш, рус дипломатларининг ЕИ ҳудудида эркин ҳаракатланишини чеклаш, украин болаларини ноқонуний тарзда Россияга олиб кетишда алоқадор шахсларга санкциялар, «соядаги флот»нинг яна 118 та кемасига нисбатан жазо чоралари, Россия банкларига янги чекловлар ва Ғарб чекловларини четлаб ўтишга кўмаклашаётган учинчи мамлакат компанияларига санкцияларни ўз ичига олади.

Дипломатлардан бирининг айтишича, 2025 йил охиригача РФга нисбатан навбатдаги — 20-санкциялар пакети бўйича музокаралар бошланади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид