Жаҳон | 07:20 / 24.10.2025
5791
3 дақиқада ўқилади

Хитой Black Hawk'га рақобатчи — Z-20T ҳужумкор вертолётини намойиш этди

Тянцзин шаҳрида бўлиб ўтган еттинчи Хитой вертолёт кўргазмасининг энг муҳим воқеаларидан бири — Z-20T ҳужумкор вертолётининг намойиши бўлди. Машина Хитой авиация саноати корпорацияси (AVIC) томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, у аниқ ва динамик манёврлари билан томошабинларни ҳайратга солди ҳамда Хитой авиациясининг юқори технологияли даражасини намоён этди.

Фото: Longshi

Кўргазма парвози давомида бу ҳар қандай об-ҳавода парвоз қила оладиган вертолёт бир қатор мураккаб фигураларни бажарди: ҳавода туриб қарши олиш, орқага ҳаракатланиб баландликка кўтарилиш, вертикал парвоз ва сўнгги қисмида — жанг шароитида қўлланадиган иссиқлик қопқонларини отиш билан намойишни якунлади.

Z-20T’нинг омма олдидаги бу кўриниши сўнгги йиллардаги камдан-кам ҳолатлардан бири бўлди. Илгари бу вертолёт охирги марта 3 сентябр куни Пекиндаги Ғалаба парадида, Тянанмэн майдони устидан парвоз қилганида кўрилган эди.

Z-20T — бу базавий Z-20 вертолётининг ҳарбий-штурм операциялари, ўт очишга ёрдам бериш ва махсус вазифалар учун мўлжалланган модификацияси. AVIC муҳандисларининг маълумотича, янги модел юқори юк кўтариш қобилиятига эга бўлиб, у десант ва техника ташишни ҳам таъминлай олади — ҳатто оғир жанг шароитида ҳам.

Кўргазма Хитой Халқ-озодлик армияси ҳамкорлигида ўтказилди ва у замонавий ҳаво ҳужум воситалари — вертолётлар, дронлар ҳамда илғор авиация қурол-яроғ тизимларига бағишланди.

Шулар орасида янгиланган Z-20T айниқса ажралиб турди: у базавий версиядан фарқли равишда қисқартирилган қанотларга эга бўлиб, уларга ёндош ёнилғи баклари ва қурол тизимлари ўрнатиш мумкин. Бу ечим вертолётнинг парвоз масофасини ва оғир зарба бериш салоҳиятини анча оширади.

Ишлаб чиқарувчилар таъкидлашича, Z-20T’нинг асосий афзалликларидан бири — унинг адаптивлиги. Агар қурол-яроғ тизимлари олиб ташланса, вертолётни осонликча транспорт ёки қутқарув вазифалари учун қайта мослаштириш мумкин. Модулли туташув тизими эса уни турли вазифалар — юк ташишдан тортиб қидирув-қутқарув амалиётларигача — тез мослаштириш имконини беради.

Базавий Z-20 модели 2018 йилда фойдаланишга тақдим этилган бўлиб, Хитой томонидан мустақил равишда ишлаб чиқилган илк 10 тоннали кўп мақсадли вертолёт ҳисобланади. У кўпинча Американинг Sikorsky UH-60 Black Hawk'и билан таққосланади. Бироқ Z-20 ҳозирда турли ҳарбий бўлинмалар учун мўлжалланган бошқа турдаги модификацияларга эга бутун бир вертолёт оиласига айланиб улгурган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид