Жаҳон | 20:30 / 25.10.2025
4704
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Россияга қарши янги санкциялар тайёрламоқда

АҚШ томонидан тайёрланган қўшимча санкцияларнинг баъзилари Россиянинг банк сектори ва нефтни бозорга олиб чиқиш учун фойдаланиладиган инфратузилмага қаратилган.

Фото: REUTERS

Оқ уй Россияга қарши янги санкциялар тайёрлади, агар Россия президенти Владимир Путин урушни тугатишни кечиктиришда давом этса, улар жорий этилиши мумкин, деб ёзди Reuters АҚШ расмийларига таяниб.

Янги чеклов чоралари Россия иқтисодиётининг асосий тармоқларига қаратилган, деди агентлик суҳбатдошлари. АҚШ томонидан тайёрланган қўшимча санкцияларнинг баъзилари Россиянинг банк сектори ва нефтни бозорга олиб чиқиш учун фойдаланиладиган инфратузилмага қаратилган, деди улар.

Украина томони ҳам ўтган ҳафта АҚШга Россия банкларини доллар тизимидан бутунлай узишни таклиф қилганди, аммо Оқ уй бу таклифга қандай муносабатда бўлгани номаълум.

Бироқ, санкцияларга мурожаат қилишдан олдин, деди манбалардан бири, АҚШ европалик ҳамкорлари ҳам янги чеклов чораларини жорий этиш орқали ўз қадамини қўйишига умид қилмоқда.

Расмийларга кўра, АҚШ европалик ҳамкорларига Европа Иттифоқининг Украинага Америка қуролларини сотиб олиш учун музлатилган Россия активларидан фойдаланишини қўллаб-қувватлашини айтган. Шу билан бирга, Трамп маъмурияти Украина армиясини қўллаб-қувватлаш учун Россиянинг АҚШдаги активларини қандай ишга солишни муҳокама қила бошлади.

Нашр суҳбатдошининг сўзларига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп катта эҳтимол билан бир неча ҳафта танаффус қилиб, Россиянинг «Роснефть» ва «Лукойл» компанияларига нисбатан жорий қилинган санкцияларга реакциясига баҳо беради.

Вашингтон яқин келажакда бундай режаларни амалга оширадими ёки йўқми, ҳозирча номаълум, деб ёзди Reuters, аммо уларнинг мавжудлиги Трамп маъмуриятида Россияга янада босим ўтказиш учун воситалар тўплами борлигини кўрсатади.

АҚШ 22 октябрь куни Россиянинг энг йирик нефть компаниялари - «Лукойл» ва «Роснефть»га қарши санкциялар жорий қилди. Бу Трамп АҚШ президенти лавозимига қайтганидан кейин Россияга қарши биринчи санкциялардир.

Санкциялар жорий этилгандан сўнг, Хитойнинг тўртта давлат нефть компанияси (ХХР - Россия нефтининг энг йирик импортчиларидан бири) Россиядан харидларни тўхтатди.

Россия президенти Владимир Путин санкцияларни Россияга босим деб атади ва улар «мамлакатнинг иқтисодий аҳволига сезиларли таъсир кўрсатмаслигини» айтди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид