Жаҳон | 11:20 / 25.10.2025
4905
3 дақиқада ўқилади

Беларусдан учиб келган шарлар сабаб Литва аэропортлари ишини тўхтатди

Литванинг Вилнюс ва Каунас шаҳарларидаги аэропортлар метеозондлар туфайли маҳаллий вақт билан соат 22:00 гача (Тошкент вақти билан 24:00) ишини тўхтатди. Тегишли баёнот Литва аэропортларининг X саҳифасида пайдо бўлди, ушбу хабарни мамлакат Транспорт вазирлиги ҳам жума, 24 октябр куни тарқатди.

Фото: Jörg Carstensen/picture alliance

«Бугун кечқурун Каунас ва Вилнюс аэропортлари устида парвозлар вақтинча тўхтатилди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳаво майдонини чеклаш тўғрисидаги қарор метеорологик зондлар билан боғлиқ. Чекловлар соат 22:00 гача амал қилади», — дейилади маълумотда.

Шу билан бирга, Транспорт вазирлиги вакили LRT’га берган изоҳида шаҳарларда авиақатнов тунги соат иккигача тўхтатилганини билдирган. Reuters эса вазирликка таянилган ҳолда метеозондлар Беларусдан келганини хабар қилди.

Литва бош вазири Инга Ругинененинг билдиришича, метеозондлар Литва ҳаво ҳудудида пайдо бўлгани муносабати билан 25 октябр, тушга қадар Беларус билан чегарадаги қолган икки назорат-ўтказиш пункти ҳам ёпилади. «(Миллий хавфсизлик комиссияси — таҳр.) келаси ҳафта яна йиғилиб, қабул қилинган қарорларнинг оқибатларини баҳолайди ва қисқа муддатда контрабандачиларга ҳам, уларга иш кўришга йўл қўяётган Лукашенко режимига ҳам жиддий зарар етказиш учун яна нима қилиш мумкинлигини аниқлайди», — деб ёзди у Facebook саҳифасида.

Бундан аввал Литва пойтахти аэропорти 22 октябр тонгида ҳам ишини тўхтатган эди. Ўшанда ҳам сабаб осмонда пайдо бўлган метеозондлар билан изоҳланган. Сайт маълумотига кўра, саккиз соатдан зиёд тўхташ сабаб 4000 йўловчи иштирокидаги 30 та рейс кўчирилган.

Ундан олдин эса 4 октябр куни Вилнюсдан учиш ва у ерга қўниш вақтинча мумкин бўлмаган. Ўшанда маҳаллий ОАВ Миллий инқироз ҳолатларини бошқариш марказига (NKVC) таяниб, мамлакат ҳаво ҳудудини Беларусдан келган, одатда контрабандачилар фойдаланадиган 25 та метеозонд бузганини хабар қилган эди.

Август ойида НАТО аъзоси бўлган Литва Беларус чегарасига параллел 90 километрлик парвозсиз зона жорий этган — бу чора қўшни мамлакат ҳудудидан учирилган дронлар кириб келишига жавоб сифатида қабул қилинган. Вилнюс чегарадан тахминан 30 км узоқликда жойлашган, умумий чегара узунлиги 679 км. Вилнюс аэропорти Болтиқбўйида йўловчи оқими бўйича иккинчи ўринда, биринчи ўринда — Рига аэропорти.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид