Жаҳон | 18:46 / 25.10.2025
4381
2 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазо секторида ҲАМАСга қарши курашиш учун кўнгиллилар гуруҳини тузди

Биз ҳаммамиз «янги Ғазо» тарафдоримиз, деди кўнгиллилар гуруҳи раҳбари.

Фото: Hossam Al Astal

Исроил Ғазо секторида Фаластиннинг «Ҳамас» ҳаракатига қарши курашмоқчи бўлган тўртта кўнгилли гуруҳни қўллаб-қувватламоқда. Бу ҳақда кўнгиллилар етакчиларидан бири Хуссам Асталга таяниб, Sky News хабар берди.

Исроил, хусусан, кўнгиллилар базасига озиқ-овқат етказиб беряпти. Кўнгиллилар 30 га яқин оилага асосий тиббий ва таълим ёрдамини кўрсатмоқда, деди Астал.

«Биз ҳаммамиз «янги Ғазо» тарафдоримиз. Тез орада Ғазо сектори устидан тўлиқ назоратни қўлга киритамиз ва бирлашамиз», деди Астал.

Таъкидланишича, улар ўқ-дорилар ва техникани Исроил ҳарбийлари назорати остида олмоқда, қуролларнинг бир қисмини қора бозордан собиқ ҳамасчилардан сотиб оляпти.

«Кўнгиллилар маҳаллий аҳолини озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлаб, гуманитар ёрдам кўрсатаётгандек кўринади, аммо аслида Ғазода режим ўзгариши учун замин тайёрлайдиган параллел ҳокимият тизимини шакллантиради», дейилади хабарда.

Бошқа гуруҳларга Ёсир Абу Шабаб, Рамий Халас ва Ашраф ал-Мансий раҳбарлик қилмоқда. Кўнгилли кучлар Исроил назорати остидаги ҳудудларда, «сариқ чизиқ» деб аталадиган - Исроил армияси томонидан Ғазо секторида назорат қилинадиган чегара ортида ҳаракат қилмоқда. Астал штаби армия кучларининг энг яқин аванпостидан 700 метрдан камроқ масофада жойлашган, деб аниқлик киритди телеканал.

Исроил ва ҲАМАС 10 октябрь куни ўт очишни тўхтатишга келишиб олди. Шундан сўнг, томонлар бир неча бор бир-бирини келишувларни бузганликда айблади. АҚШ ҲАМАС ҳаракатлари туфайли тинчлик келишувларининг бузилиш таҳдидини эълон қилди, бироқ Фаластин ҳаракати айбловларни рад этди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид