Жаҳон | 13:47 / 25.10.2025
2636
3 дақиқада ўқилади

Стармер Украинага кўпроқ узоқ масофали қурол беришга чақирди

Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Ғарб иттифоқчиларини Украинага узоқ масофали қурол-яроғ етказиб беришда «яна кўпроқ иш қилиш»га чақирди. Сиёсатчи бу баёнотни жума, 24 октябр куни Лондонда Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашувда билдирди.

Фото: Jaimi Joy/REUTERS

«Менимча, (Украинанинг — таҳр.) имкониятлари нуқтаи назаридан яна жуда кўп иш қилишимиз мумкин, айниқса <...> узоқ масофали (зарбалар бериш — таҳр.) қобилияти борасида. Албатта, зарур хавфсизлик кафолатлари ҳақида гап кетганда “кўнгиллилар коалицияси” доирасидаги иш ҳам муҳим», — дея Стармернинг учрашув бошида айтилган сўзларини келтирган AFP.

Зеленский Лондонда қирол Чарлз III Виндсор қасрида қабул қилганидан сўнг Буюк Британия бош вазири билан учрашди. Кеча, шунингдек, Украинага ёрдам беришга тайёр давлатлардан тузилган «кўнгиллилар коалицияси» иштирокчилари йиғилиши ўтказилди. Унда НАТО бош котиби Марк Рютте, Дания бош вазири Метте Фредериксен, Нидерландия бош вазири Дик Схоф ва бошқа етакчилар, жумладан Франция президенти Эммануэл Макрон шахсан ёки онлайн иштирок этди. Германия номидан ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул қатнашди.

Буюк Британия ҳукумати сайтида қайд этилишича, Стармер узоқ масофали қурол етказиб беришни оширишга чақириқни «коалиция» йиғилишида ҳам такрорлаган. Шунингдек, у «Россия нефти ва газини жаҳон бозоридан чиқариш»ни ҳамда Европада музлатилган рус активлари бўйича келишувга келишни таклиф этган — бу «Украина мудофаасини молиялаш учун миллиардлаб фунтларни очиш» ва мамлакатни «қишга имкон қадар кучли позициялар билан киритиш» имконини беради.

Кундан аввал Брюсселдаги ЕИ етакчилари саммитида АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан Американинг узоқ масофали Tomahawk («Томагавк») ракеталарини бериш бўйича амалда рад жавоби олган Зеленский Украина бу ракеталарни Европа мамлакатлари захираларидан олиши мумкинлигини билдирди.

«Узоқ масофали қурол фақат АҚШда эмас — айрим Европа давлатларида ҳам бор, жумладан “Томагавк”лар. Биз ёрдам бера оладиган мамлакатлар билан аллақачон гаплашяпмиз. Бу мавзу кўтарилганда Путин қандай безовта бўлганини кўрдингиз. У тушунади: узоқ масофали қурол уруш боришини чиндан ҳам ўзгартиради», — деди Зеленский.

Шу вақтгача Ғарбнинг узоқ масофали ракеталаридан Украина фақат инглиз-француз Storm Shadow/SCALP (тахминан 500 км масофа)ни олган. Зеленский Германия вакиллари билан шу масофага яқин бўлган немис-швед Taurus ракеталарини етказиб бериш имкониятини ҳам муҳокама қилди. Бироқ Германия ҳокимияти бу сўровни рад этди. Бунга ўрнини босувчи чора сифатида Берлин, масалан, Украинада узоқ масофали қурол ишлаб чиқаришга — айниқса дронларга — инвестиция киритмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид