Жаҳон | 18:38 / 27.10.2025
11046
2 дақиқада ўқилади

Камерунда дунёдаги энг кекса президент саккизинчи муддатга қайта сайланди

Пол Бийя 1982 йилдан бери Камерунни бошқариб келмоқда.

Фото: Reuters

Дунёдаги энг кекса етакчи, Камеруннинг 92 ёшли президенти Пол Бийя мамлакат Конституциявий суди томонидан эълон қилинган сайлов натижаларига кўра янги етти йиллик муддатга қайта сайланди, деб хабар берди BBC.

Reuters хабарига кўра, Бийя 53,66 фоиз овоз тўплаган.

Пол Бийя 1982 йилдан бери Камерунни бошқариб келмоқда. Бу унинг учун саккизинчи муддат бўлади.

Сайлов 12 октябрь куни бўлиб ўтди, аммо натижалар 27 октябрь куни эълон қилинди. Сайловолди кампанияси даврида Бийя атиги битта митинг ўтказди.

Сайловда яна тўққиз номзод, жумладан, сайлов учун вазирлик лавозимини тарк этган Бийянинг икки иттифоқчиси иштирок этди.

Шу билан бирга, кучли рақиб бўлиши кутилган мухолифат етакчиси Морис Камто (71 ёш) июль ойида сайловга қўйилмади. Бу қарорни Конституциявий суд тасдиқлади, аммо мамлакатда кўпчилик буни рақобатчини йўқ қилиш учун ҳийла сифатида қабул қилди. 2018 йилда бўлиб ўтган сайловдан сўнг Камто ўз ғалабасини эълон қилган ва оммавий норозилик намойишлари уюштирган эди.

Сайлов бир турда ўтказилади ва энг кўп овоз олган номзод ғалаба қозонади, аммо овоз бериш натижаларини Камерун Конституциявий суди тасдиқлаши керак. Мамлакат ички ишлар вазири олдиндан барча номзодларни ўз ғалабаси ҳақида баёнот беришга йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирган.

Камерунликларнинг аксарияти умрида бошқа давлат раҳбарини кўрмаган. Мамлакатнинг 30 миллионлик аҳолисининг 60 фоиздан ортиғи 25 ёшгача бўлган одамлардир.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид