Жаҳон | 22:39 / 27.10.2025
8292
3 дақиқада ўқилади

Кремл Трамп билан муносабатларни сақлаб қолишга уринишни барбод қилди – ОАВ

Шу мақсадда зудлик билан Вашингтонга борган РФПИ раҳбари Кирилл Дмитриев қуруқ қўл билан қайтгани айтилмоқда.

Кирилл Дмитриев/Фото: РИА Новости

Доналд Трамп маъмурияти билан муносабатларни сақлаб қолиш учун зудлик билан Вашингтонга борган Россия бевосита инвестициялар фонди (РФПИ) раҳбари Кирилл Дмитриев Москвага қуруқ қўл билан қайтганга ўхшайди, деб ёзди The Moscow Times.

Дмитриевнинг ташрифи Трамп Путин билан Будапешт саммитини бекор қилиб, «Роснефт» ва «Лукойл»га қарши санкцияларни жорий қилганидан бироз ўтиб амалга оширилди. Аммо унинг якунлари бўйича сезиларли ўзгаришлар ҳақида Россия томони ҳам, АҚШ томони ҳам хабар бермади.

«Мен вақтни беҳуда сарфламоқчи эмасман», деди Трамп Путин билан учрашув истиқболлари ҳақида.

The Telegraph нашрига кўра, Дмитриев ташрифи чоғида қарор қабул қилувчи амалдорлардан ҳеч бири Вашингтонда бўлмаган: Трампнинг ўзи, давлат котиби Марко Рубио ва молия вазири Скотт Бессент Осиё мамлакатлари бўйлаб сафарга жўнаб кетган эди.

Дмитриев билан омма олдида учрашишга рози бўлган ягона шахс россияпараст конгрессмен Анна Паулина Луна бўлди. Дмитриев унга Путиннинг иқтибослари ёзилган шоколадни совға қилди. Шунингдек, у Стивен Уиткофф билан учрашишни режалаштирган эди, аммо суҳбат бўлган-бўлмагани номаълум.

Дмитриев CNN ва Fox News телеканалига интервю бериб, санкцияларга қарамай, Россия иқтисодиёти мустаҳкамланаётгани, Россия армияси ҳеч қачон фуқаролик обектларига зарба бермаслигига ишонтирди. Шунингдек, у АҚШ расмийларига «Буревестник» ҳақида маълумот берганини айтди.

«Дмитриев вазиятни қутқариш ва америкаликлар билан тўсатдан кескинлашган зиддиятларни ҳал қилиш учун шошилинч миссия билан АҚШга борди, бироқ уларга совға сифатида Путиннинг дўстона бўлмаган иқтибослари ёзилган шоколадларни етказди. Россия элчиси яна бир санкциялар пакетини «сўрашга» қарор қилганга ўхшайди», деди сиёсатшунос Аббос Галлямов.

Аввалроқ Дмитриев Трампга Арктикани биргаликда ўзлаштиришдан тортиб, нодир металларни қазиб олишгача бўлган йирик иқтисодий лойиҳаларни таклиф қилганди. Охирги ташрифидан олдин у Аляска ва Чукоткани боғлаш учун Беринг бўғози остидан туннел қазиш ғоясини илгари сурди.

«Россияда ҳеч қандай ҳақиқий иқтисодий кўзир қолмади. Фақат эски, эскирган аргумент - ядро қуроли билан таҳдид қолмоқда», деди Россиянинг Женевадаги БМТ миссиясининг собиқ ходими, Украинага бостириб кирганидан кўп ўтмай Ташқи ишлар вазирлигидан истеъфога чиққан Борис Бондарев.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид