Иқтисодиёт | 12:45 / 27.10.2025
1375
2 дақиқада ўқилади

Тизимли аҳамиятга эга корхоналарнинг қарз жалб этиши тартиби тасдиқланди

Ҳукумат қарори билан тизимли аҳамиятга эга йирик корхоналар томонидан банк кредити ва ташқи қарзларни жалб қилиш тартибини белгилайдиган низом қабул қилинди. Ҳужжат қарз жалб этишни тоифалар бўйича назорат қилиш, мониторинг ва молиявий соғломлаштириш механизмларини жорий этади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Вазирлар Маҳкамасининг 670-сон қарорига мувофиқ, “Ўзбекистон иқтисодиёти учун тизимли аҳамиятга эга йирик корхоналар томонидан банк кредити ва ташқи қарзларни жалб қилиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Низом тизимли корхоналар, уларга тегишли ҳамда ўзаро алоқадор корхоналар гуруҳи учун қарз жалб этишни назорат ва мониторинг қилиш тартибини белгилайди.

Йирик қарздорларнинг молиявий ҳолати уч тоифага ажратилади: паст хатарли, ўрта хатарли ва юқори хатарли.

Янги қарз жалб этиш чекловлари (Мувофиқлаштирувчи комиссияни хабардор этган ҳолда):

  • паст хатарли: миқдоридан қатъи назар янги молиявий қарз жалб этиши мумкин;
  • ўрта хатарли: янги қарз мавжуд қарз қолдиғининг 5 фоизидан ёки 20 млн АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлса;
  • юқори хатарли: янги қарз мавжуд қарз қолдиғининг 1 фоизидан ёки 5 млн АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлса.

Молиявий ҳолат ёмонлашганда комиссия:

  • мавжуд қарзларни тўлаш учун янги, қулайроқ шартларда ташқи/ички қарз (кредит) жалб этиш;
  • қарздорликни қайта кўриб чиқиш (муддатни узайтириш, тўлов жадвали ва фоиз ставкасини ўзгартириш, валюта турини алмаштириш) бўйича тавсиялар беради.

Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг қарз жалб қилишни рад этиш тўғрисидаги қарорига норозилик билдирилса, корхона амалдаги қонунчиликка мувофиқ судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Қабул қилинган тартиб тизимли корхоналарда қарз сиёсатини шаффофлаштириш, таваккалларни бошқариш ва молиявий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид