Жаҳон | 09:24 / 27.10.2025
2516
3 дақиқада ўқилади

Вилнюс аэропорти яна шарлар сабаб ишини тўхтатди

Беларусдан Литвага сигарет контрабандаси учун қўлланадиган ҳаво шарлари туфайли Вилнюс аэропорти бир неча соатга ёпилди. Шу билан бир вақтда Литва–Беларус чегарасидаги бир нечта ўтказиш пункти ҳам ёпилди.

Фото: Jörg Carstensen/picture alliance

Вилнюс аэропорти навбатдаги марта фаолиятини тўхтатди — душанба, 27 октябрга ўтар кечаси. Аэропорт матбуот хизмати Facebook’да хабар беришича, чеклов 26 октябр соат 21:42 дан «аэропорт томон учаётган ҳаво шарлари» сабаб жорий этилган.

Хабар эълон қилинган вақтга келиб, халқаро аэропорт фаолиятини 27 октябр соат 03:40 да тиклаш кутилгани маълум қилинди. Литва Чегара хизмати эса ҳудудга ҳаво шарлари кириб келгани муносабати билан Беларус билан чегарадаги икки назорат-ўтказиш пункти вақтинча ёпилганини билдирди.

Литва Давлат чегараси муҳофазаси хизмати маълумотига кўра, жорий йил бошидан мамлакат ҳаво ҳудудига Беларусдан келган ҳаво шарлари — «метеозондлар» — билан боғлиқ ярим мингга яқин ҳолат қайд этилган. Уларни контрабандачилар сигаретларни чегарадан ўтказишда қўллаётгани аниқланган.

Шу каби сигарет контрабандасига мўлжалланган ҳаво шарларини Латвия ва Полша чегарачилари ҳам ушламоқда. Бироқ Литва учун сўнгги ҳафталардаги асосий муаммо — метеозондлар бевосита Вилнюс аэропортига яқинлашмоқда. Шу сабаб халқаро аэропортда парвозларга чекловлар жорий этилмоқда. Фақатгина октябр ойида Вилнюс аэропорти бу чорага камида беш марта мурожаат қилган.

Хусусан, аэропорт 24 ва 25 октябр кечқурун ҳаво шарлари сабаб ёпилган. 25 октябрга ўтар кечаси худди шу сабаб Каунас аэропорти ҳам ёпилди. «Бу жами тахминан 95 та рейс ва деярли 14 минг йўловчига таъсир қилди», — деб ёзади Lrt.lt.

Литва мухолифатининг айрим вакиллари ЕИнинг бошқа давлатларида аэропортлар устидаги дронлар инцидентлари фонида «шарлар инқирози»га ҳукуматнинг қаттиқ чора кўрмаётганини танқид қилмоқда. Ўз навбатида, Литва ИИВ раҳбари Владислав Кондратович 25 октябр кечқурун вазият тегишли идоралар томонидан «доимий кузатув ва назорат» остида эканини билдирди.

Литва ҳукумати содир бўлаётган ҳолат учун масъулиятнинг бир қисмини Беларус ҳокимиятининг ҳаракатсизлигига юклади. Бош вазир Инга Ругинененинг фикрича, Александр Лукашенко режими контрабандачиларга тўсиқ яратмаяпти.

26 октябр куни Литва президенти Гитанас Науседа мамлакат ҳаво ҳудудига мунтазам кириб келаётган контрабандачи аэростатлар туфайли Калининград вилоятига транзитни чеклаш ва Беларус билан чегарани узоқ муддатга ёпиш таклифини илгари сурди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид