Жаҳон | 14:29 / 28.10.2025
3630
2 дақиқада ўқилади

Путин АҚШ билан плутоний утилизацияси бўйича келишувни бекор қилди

Россия президенти мудофаа мақсадлари учун эндиликда зарур бўлмаган плутонийни утилизация қилишни назарда тутган АҚШ билан тузилган битимни денонсация - бир томонлама бекор қилди. Ушбу келишув доирасида томонлар 34 тоннагача плутонийни утилизация қилишга мажбур бўлган.

Фото: РИА Новости

Россия президенти Владимир Путин Москва ва Вашингтон ҳар бири 34 тоннагача мудофаа эҳтиёжлари учун зарур бўлмаган плутонийни утилизация қилишга тегишли бўлган келишувни денонсация қилди. Мос ҳужжат душанба, 27 октябр куни расмий ҳуқуқий ахборот интернет-порталида эълон қилинди.

Келишувни денонсация қилиш тўғрисидаги қонун РФ Давлат думаси томонидан 8 октябрда қабул қилинган, Федерация кенгаши томонидан эса 2025 йил 22 октябрда маъқулланган. Келишув билан бирга унга доир барча қўшимча протоколлар амал қилишдан тўхтатилади.

Россия ва АҚШ ҳукуматлари ўртасида плутонийни утилизация қилиш бўйича келишув 2000 йилда имзоланган ва 2011 йилда Москва томонидан ратификация қилинган. Мазкур моддани АЭС учун ёнилғи сифатида қўллаш орқали қайта ишлаш 2018 йилда бошланиши кутилган эди, аммо Россия томони 2016 йилда АҚШни мажбуриятларни бузганликда айблаб, келишув амалини тўхтатган. Бунга Вашингтоннинг плутоний чиқиндиларини ерга кўмиш қарори, яъни уни АЭС ёнилғиси компоненти сифатида ишлатмаслик нияти сабаб бўлган.

Бундан ташқари, Кремл ўз қарорини «АҚШнинг РФга нисбатан душман ҳаракатлари натижасида стратегик барқарорликка таҳдид юзага келиши» билан изоҳлаган. Оқ уйдан ўша пайтда Россияга қўйилган санкцияларни бекор қилиш, улар келтирган зарарни қоплаш ва 2000 йил 1 сентябрдан кейин НАТОга қўшилган давлатлардаги ҳарбий мавжудликни қисқартириш талаб қилинган.

Қурол-яроғ хусусиятидаги плутоний ядровий қурол яратиш учун мўлжалланган моддадир.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид